Сўнгги йилларда Россиянинг Европага тобора кучайиб бораётган тажовузкорлиги фонида Полша ўз мудофаасини сезиларли даражада мустаҳкамлади – 2024 йилда унинг қуролли кучлари Европанинг НАТОга аъзо мамлакатлари орасида энг йиригига айланди. Ҳозирда бу армияда 210 мингдан ортиқ ҳарбий бор. Бу Германия, Франция ёки Буюк Британияникидан кўпроқ. Полша ҳарбий хизматчилар сони бўйича НАТО мамлакатлари орасида фақат АҚШ ва Туркиядан ортда қолади, дея ёзади The Wall Street Journal Полша мудофаасига бағишланган катта мақоласида.
2014 йилдан бошлаб Варшава ўз қуролли кучлари сонини икки бараварга, ҳарбий харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг деярли 5 фоизи миқдорида оширди: 2025 йилда бунинг учун ЯИМнинг 4,7 фоизи йўналтирилган, 2026 йилда бу миқдор 4,8 фоизга етиши режалаштирилган. Бу Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлган 32 мамлакат орасида энг юқори кўрсаткичдир.
Полша 2023-2024 йилларда 50 миллион долларлик харид билан Америка қуролларининг энг йирик сотиб олувчиси бўлган. Ҳарбий харажатлари туфайли Полша АҚШ президенти Доналд Трампнинг эътиборини қозонган. Полшанинг янги президенти Карол Навроцкий билан учрашувда Трамп Полшани қўллаб-қувватлашини билдирди, у Европанинг бошқа мамлакатларига доим ҳам бундай эътибор кўрсатмайди. «Биз Полшани тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва унга ўзини ҳимоя қилишга ёрдам берамиз», – деди Трамп. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет 2025 йил бошида Варшавага ташрифи чоғида Полшани «намунали иттифоқчи» деб атаганди.
Полша ҳукумати Россия Владимир Путин раҳбарлигида Шарқий Европадаги анъанавий таъсир доирасини тиклашга интилмоқда, деб ҳисоблайди. Россиянинг Украинага, энди эса Европага қарши ҳаракатлари, WSJ ёзишича, полшалик сиёсатчиларни уларнинг мамлакати яна ўт очиш чизиғига тушиб қолганидан асабийлашишга мажбур қилмоқда. Аммо бу сафар, нашрнинг таъкидлашича, Полша тайёр бўлишни хоҳлайди.
«Бу бизнинг уруш», – деди Полша бош вазири Доналд Туск сентябр ойида хавфсизлик бўйича Варшава форумида Россия-Украина уруши ҳақида гапира туриб. У Полша ўз қуролли кучларини кенг кўламли модернизация қилишга қарор қилганини таъкидлади ва Европанинг бошқа давлатларини ҳам шундай қилишга чақирди. Туск бу нафақат Киевни қўллаб-қувватлаш учун, балки НАТОга аъзо мамлакатларнинг келажаги ва хавфсизлиги учун ҳам зарурлигини таъкидлади.
2014 йилда Россия Қримни аннексия қилиб, Донбассда уруш бошлаганидан сўнг Варшава Москва билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўра бошлаган. Полша ҳарбий стратеглари бир йил давомида энг ёмон сценарийларни таҳлил қилишган, шундан сўнг улар қўшинлар сонини тезда кўпайтириш ва қурол сотиб олиш ҳажмини ошириш орқали қуролли кучларни ислоҳ қилишга киришган.
















