Унда Саудия Арабистонидан ташриф буюрган йирик инвестор – ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян ҳам сўзга чиқиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Қуйида унинг нутқи келтирилади:
Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари, муҳтарам Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ жаноблари, азиз ҳамкорлар ва қадрли меҳмонлар! Аввало, барчангизга тинчлик, барака ва саломлар бўлсин!
Сизлар сўнгги саккиз йилда яқин ҳамкорликда амалга оширган ишларни бошқа мамлакатлар асрлар давомида ҳам бажара олмаслигини бугун фақат бу ерда тўпланган иштирокчиларга эмас, балки бутун дунёга намоён этдингиз.
Чиндан ҳам, бундай улкан натижаларга дунёдаги бирорта етакчи шундай қисқа муддатда эришмоғи жуда қийин.
Президент Жаноби Олийлари, мен аввал ҳам таъкидлаб айтганман: бу даражада катта ўзгаришларни амалга оширган етакчиларнинг икки нафарини биламан. Биринчиси – Сиз, Жаноби Олийлари, иккинчиси эса – Саудия валиаҳди, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ҳазрати Олийларидир.
Ўзбекистонда биз кўрган ва гувоҳи бўлган барча ютуқлар Сизнинг ўз ишингизга бўлган буюк ишонч-эътиқодингиз ва фидокорона меҳнатингиз самарасидир. Сиз бу ишларни халқингиз ва Ватанингизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатингиз туфайли амалга оширмоқдасиз.
Мен дунёнинг 24 та давлати раҳбарлари билан мулоқотда бўлдим. Лекин ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим. Шунинг учун ҳам эл-юртингиз Сизни яхши кўриб, бошига кўтармоқда.
Мен Сиз билан йигирма марта учрашиш бахтига муяссар бўлганман. Ҳар бир учрашувдан олдин нутқ тайёрлаб, нималарни айтиш кераклигини обдан ўйлаб оламан. Аммо ҳар гал Сизнинг фикрингиз, азму шижоатингиз ва амалий ишларингиз бизникидан устун келади. Сиз доимо жадал ҳаракат қиласиз, сидқидилдан ишлайсиз ва албатта натижага эришасиз.
Сиз маҳаллий ва хорижий инвесторларга катта эътибор қаратдингиз. Улар учун тенг имкониятлар яратиб бердингиз. Сиз Ўзбекистонни ҳар бир компания ва давлат учун энг яхши инвестиция маконига айлантирдингиз.
Сиз бошқарув ва шаффофлик асосида ўтмишдан қолган оғир меросни ортда қолдирдингиз ва янги тарих яратдингиз.
Мен 15 та мамлакатда инвестиция лойиҳасини амалга оширганман ва 30 дан зиёд давлатда бўлганман. Қаерга борсам ҳам “Янги Ўзбекистон” ҳақида эшитаман. Бу Янги Ўзбекистон – Сизнинг эл-юртингизга садоқатингиз ва тинимсиз меҳнатингиз маҳсули.
Бутун дунё бугун Сизни кузатмоқда, Сиздан ўрганмоқда. Сизнинг раҳнамолигингизда ишончли ҳукумат ва фидоий жамоа кечаю кундуз меҳнат қилмоқда. Мен ҳафтасига етти кун, кунига 18-20 соат ишлайдиган ҳукуматни фақат Ўзбекистонда ва Саудияда кўрдим. Шунинг учун ҳам халқингиз Сизни севмоқда, инвесторларингиз ва кўплаб давлатлар Сизни ҳурмат қилмоқда. Дунёдан кўп одамлар Ўзбекистонга турист сифатида ҳам, дўст сифатида ҳам, инвестор сифатида ҳам келишни хоҳлайди.










