Иқтисодиёт | 07:20 / 17.10.2025
10318
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда энг барқарор иқтисодиётга эга давлатлар маълум қилинди

Hinrich Foundation фонди ўзининг янгиланган Sustainable Trade Index (STI) индексини эълон қилди — IMD World Competitiveness Center билан ҳамкорликда тайёрланган дунёнинг 30 етакчи иқтисодиёти йиллик рейтинги. Индекс мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш, ижтимоий барқарорлик ва экологик масъулиятни уйғунлаштирган ҳолда қандай барқарор савдо қилишини баҳолайди.

Рейтингнинг асосий мақсади ҳукуматларга, тадқиқотчиларга ва экспертларга глобал савдо ва иқтисодий тизимлар барқарорлиги ўртасидаги боғлиқликни тушунишга ёрдам бериш ҳамда жаҳон иқтисодиётининг узоқ муддатли барқарорлиги ҳақида мунозараларни рағбатлантиришдан иборат.

2025 йилда Буюк Британия биринчи ўринни эгаллаб, ўтган йилги иккинчи ўриндан кўтарилиб, Янги Зеландияни иккинчи ўринга сиқиб чиқарди. Австралия ва Сингапур ўз ўринларини мос равишда 3- ва 4-ўринларда сақлаб қолди.

Баъзи мамлакатлар сезиларли ўсишни кўрсатди: Жанубий Корея 7-ўриндан 5-ўринга кўтарилди, Малайзия 15-ўриндан 12-ўринга, Шри-Ланка эса 26-ўриндан 20-ўринга энг катта сакрашлардан бирини амалга оширди. 

Бошқалар, аксинча, ўз ўрнини йўқотди: Таиланд 12-ўриндан 15-ўринга тушиб кетди, Лаос 22 дан 25 га, ички зиддиятли вазиятда бўлган Мянма 27-ўриндан 30-ўринга тушиб, Россия ўрнига охирги ўринни эгаллади (Россия 2023 ва 2024 йилларда бу ўринни эгаллаб турган).

STI индекси учта асосий йўналиш бўйича тузилган бўлиб, улар доирасида 72 кўрсаткич баҳоланади:

  • иқтисодий барқарорлик — рақобатбардошлик, савдо очиқлиги, инновациялар;
  • ижтимоий барқарорлик — таълим даражаси, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
  • экологик барқарорлик — энергия самарадорлиги, эмиссия, атроф-муҳит сиёсати.

Қизиғи шундаки, аҳоли жон бошига ЯИМ иқтисодий ва ижтимоий йўналишлар билан сезиларли даражада боғлиқ, аммо экологик кўрсаткичлар билан унчалик боғлиқ эмас.

Мисол учун, юқори даромадли мамлакатлар — Буюк Британия, Янги Зеландия ва Австралия — экологик йўналиш бўйича кучли натижаларни кўрсатди. Шу билан бирга, Канада, Жанубий Корея ва АҚШ ялпи ички маҳсулоти юқори бўлишига қарамай, экологик кўрсаткичлар бўйича ортда қолмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид