Жамият | 15:58 / 18.10.2025
4151
2 дақиқада ўқилади

Туркияда қамоқда сақланган ўзбекистонлик озод қилинди

Туркияда қамоқда гумонланувчи сифатида сақланаётган ўзбекистонлик озод қилинди. 

Бош консулхона маълум қилинишича, 16 октябр куни Истанбул шаҳрининг Бакиркўй туманида жойлашган оғир жиноятлар бўйича 17-суд биносида асли Самарқанд вилоятидан бўлган 22 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг иши юзасидан навбатдаги (учинчи) суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд жараёнида Бош консулхона дипломатлари ҳам иштирок этди. Мазкур иш доирасида фуқарога нисбатан ноқонуний наркотик моддаларни олиб кириш ва уларнинг айланмаси билан боғлиқ айбловлар кўриб чиқилди.

Тергов материалларига кўра, жами 6 нафар шахс ҳамда қидирувда бўлган яна бир неча киши Европа давлатларидан Туркия ҳудудига 30 кг кокаин ва 800 кг психотроп моддаларни юк автомашинаси орқали олиб киришда айбланган.

Гумондор 2023–2024 йилларда ушбу юк машинаси турар жойига яқин жойда жойлашган ёғоч қути ишлаб чиқариш устахонасида ишлаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар операция ўтказган пайтда у мазкур ҳудудда бўлгани сабабли қўлга олинган ва гумонланувчи сифатида қамоққа олинган.

Суд мажлиси якунига кўра, судя иш материалларини кўриб чиқиб, қамоқда сақлаш чораси бекор қилиниши ва фуқарони озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид