Мазкур устахона ақлий ривожланишда тенгдошларидан ортда қолаётган ўсмирларнинг ҳунар ўрганиши, ижод қилиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишига ёрдам беради. Бу ерда болалар ўз қўллари билан маҳсулотлар яратади, жамоат тадбирларида қатнашади ҳамда келажакда меҳнат бозорига кириб бориш учун зарур амалий кўникмаларни эгаллайди.
Пойтахтдаги Катта Чилонзор маҳалласида жойлашган хонадонлардан бирида “Табассум” инклюзив устахонаси ўз фаолиятини бошлади.
“Қуёшли олам” нодавлат-нотижорат ташкилоти ташаббуси ва UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа ақлий ривожланишда нуқсони мавжуд бўлган ўсмирларнинг ҳунар ўрганиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишига ёрдам бериш учун мўлжалланган.
Лойиҳа доирасида аутизмга чалинган, Даун синдроми бор болаларга кулолчилик, тикувчилик, шам ва совун тайёрлаш каби ҳунарлар ўргатилади. Устахона сиғими жами 20 кишига мўлжалланган бўлиб, унда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг 3 нафар профессионал мутахассиси дарс беради. 2 нафар кўнгилли ёшлар тренер сифатида болаларнинг ижодий кўникмаларини ривожлантиришга ёрдамлашади.
“Устахонада кун давомида, одатда, етти-саккиз нафар ўқувчи билан ишланади. Аслида хона йигирма ўқувчи учун мўлжалланган, бироқ болаларнинг бошқа машғулотлари, тўгараклари борлиги туфайли ҳаммаси бир вақтда қатнаша олмайди. Шу сабабли, баъзи ўқувчилар кунора келишади, аммо ўн нафардан ортиқ бола ҳар куни мунтазам равишда дарсларда иштирок этади. Ўқувчилар лой билан ишлаш, шакл бериш, безаклар яратиш, пишириш жараёнларини амалда бажаради. Кулолчилик дарслари уларнинг диққатини ва эстетик дидини ривожлантиради. Шу билан бирга, устахонада тикиш дарслари ҳам ташкил этилган: болалар матолар билан ишлаш, тикув машинасидан фойдаланиш ва мустақил маҳсулот тайёрлашни ўрганади”, – дейди ўқитувчилардан бири Зиёдахон.
Маълум қилинишича, устахонада болалар ўз қўллари билан маҳсулотлар яратишдан ташқари, жамоат тадбирларида қатнашиш ҳамда келажакда меҳнат бозорига кириб бориш учун зарур амалий кўникмаларга эга бўлишади.
“Илгари кўпчилик бундай болаларни ҳимоя қиламан деб, аслида жамиятдан ажратиб қўярди. Биз эса аксинча, уларни ҳаётга тайёрлаяпмиз. “Табассум” оддий устахона эмас, бу жой қарашларни ўзгартирадиган мактабдир. Ҳар бир бола ўз қобилиятини кўрсатиш имконига эга бўлиши керак”, – дейди “Қуёшли олам” нодавлат-нотижорат ташкилоти раҳбари Шаҳноза Икрамова.









