Ижтимоий тармоқларда табриклаш хизмати учун “муаллифлик ҳуқуқи” олингани, “жигар” сўзи эса “патентлангани” ҳақида видеолар тарқалди. “Ким рухсатимизсиз бизнинг ғоямизни ишлатиб табрикчилик соҳасини давом эттирса, жавобгарликка тортилади”, дейди бир видео муаллифи. Kun.uz муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат юзасидан саволлар билан Адлия вазирлигига мурожаат қилди.
Вазирлик бўлим бошлиғи Шароф Абдумаликовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда “патент” тушунчаси фақат тўртта интеллектуал мулк объектига: ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси ва cелекция ютуғи объектларига нисбатан ишлатилади.
“Лекин айрим шахслар томонидан муаллифлик ва турдош ҳуқуқдаги объектларга нисбатан ҳам “патент” тушунчаси ишлатилиб келинмоқда. Лекин бу аслида қонуний қилиб айтадиган бўлсак, нотўғри. Чунки муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектлари давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Уларни ҳимоя қилиш учун давлат рўйхатидан ўтказиш шарт эмас. Шунинг учун ҳам умумий интеллектуал объектларимизни икки турга бўламиз. Биринчи тури – саноат мулк объектлари, иккинчи тури – муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектлари. Саноат мулк объектларининг муаллифлик ҳуқуқи объектларидан асосий фарқи шундаки, саноат мулк объектларида, албатта, улар патент ёки бошқа турдаги гувоҳнома шаклидаги муҳофаза ҳужжатини олишлари шарт, давлат рўйхатидан ўтказган ҳолда. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектларида эса шарт эмас. Улар яратилиш факти билан ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади”, деди Абдумаликов.
Хўш, қайсидир бир йўналишни ҳам патентлаб олиш мумкинми ўзи? Шароф Абдумаликовнинг айтишича, йўқ, бунақаси бўлмайди.
“Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган бир видео чиқди. Бир тадбиркор: “Табрик йўналишини мен патентладим, бу йўналиш бўйича фақат мен шуғулланишим мумкин”, деган бир тушунча билан мурожаат қилиб чиқди. Қонунчиликка мувофиқ, дейлик, сиз журналистика йўналишида ёки кимдир маҳсулот ишлаб чиқариш йўналишида, кимдир таълим йўналишида, ҳар хил йўналишларда фаолият юритиши мумкин, айтайлик, у ўз брендини ҳимоя қилиши мумкин, лекин у тўлиқ ўша йўналишни эгаллаб олиши ёки бошқа шахсларнинг айнан шу йўналиш билан шуғулланишини тақиқлаши бўйича қандайдир давлат ҳужжати ёки давлат томонидан бериладиган муҳофаза ҳужжати мавжуд эмас ва бу нотўғри тушунча”, дейди у.
Адлия вазирлиги мутахассисига кўра, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда чиқиб: “Биз сизнинг брендингизни патентлаб берамиз” деётганларнинг бирортасида брендни патентлаш ваколати йўқ. Улар фақатгина сизга давлат рўйхатидан ўтишда ва ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам берувчи хусусий тадбиркорлар ҳисобланади.














