Жаҳон | 18:53 / 24.10.2025
17639
2 дақиқада ўқилади

Қор қоплони расман Қирғизистон миллий рамзи сифатида тан олинди

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси логотип ва мамлакат миллий рамзидан фойдаланиш тартибини тасдиқлади.

Фото: ecostan.kg

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси қор қоплонини (илбарс) мамлакатнинг миллий рамзи сифатида тан олиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев имзолаган ҳужжатда қор қоплонининг расмий логотипини қабул қилиш ва уни қўллаш тартиби ҳам назарда тутилган.

Қарор Қирғизистон президентининг «Қор қоплонини Қирғизистон Республикасининг миллий рамзи сифатида тан олиш тўғрисида»ги фармонини амалга ошириш доирасида Қирғизистоннинг табиий ва маданий меросини акс эттирувчи рамзларни сақлаш, муҳофаза қилиш ва оммалаштириш мақсадида қабул қилинган.

Қирғизистон Республикаси Табиат ресурслари, экология ва техник назорат вазирлигига қор қоплони популяцияси ва яшаш ҳудудини сақлаб қолиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш топширилди.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилот ва муассасалар мазкур қарорга амал қилиши белгилаб қўйилди.

Қор қоплони сайёрамиздаги энг гўзал ва ноёб, мушуксимонлар оиласига мансуб йирик йиртқич ҳайвон бўлиб, Марказий Осиё тоғларида яшайди. У Ҳимолай, Помир, Тян-Шан, Ҳиндикуш ва Олтой ёввойи табиатининг рамзидир.

Қор қоплони 12 мамлакатда учрайди: Хитой (жами популяциянинг тахминан 60 фоизи яшайди), Мўғулистон, Россия (Олтой, Тува, Саян), Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Непал, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Тожикистон, Бутан.

Қор қоплони халқаро Қизил Китобига «заиф тур» сифатида киритилган. Асосий таҳдидлар: браконерлик (тери ва суяк учун), яшаш жойини йўқотиш (чорва молларини боқиш ва йўл қурилиши туфайли), ёввойи туёқлилар сонининг камайиши. Ҳозир у миллий боғлар ва қўриқхоналарда фаол қўриқланмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид