Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Наманганда ишга жойлаштириш номи билан амалга оширилган икки фирибгарлик эпизоди аниқланди.

1-эпизод (Жанубий Корея):
Наманган шаҳридаги хусусий бандлик агентлигининг норасмий ишчиси Тўрақўрғон туманида яшовчи тўрт фуқаронинг ишончига кириб, “танишлари орқали” уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига 2 000 АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 1 000 АҚШ долларини олган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

2-эпизод (Словакия):
Наманган шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма раҳбари ўз ҳамшаҳарини “мансабдор танишлари орқали” Словакияга ишга жойлаштириш эвазига 40 млн сўм талаб қилган. У виза чиқариб бериш баҳонасида 600 АҚШ доллари ва 2,8 млн сўм ни қабул қилаётганда ушланган. Таъкидланишича, мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят учун судланган бўлса-да, хулоса чиқармаган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.