«Президент сўнгги кунлардаги ҳодисалар ва аэропорт ишидаги узилишларни Литвага нисбатан гибрид ҳужум деб баҳолайди, унга симметрик ҳам, асимметрик ҳам чоралар билан жавоб қайтариш зарур», — дейди президент вакиллари. Уларнинг таъкидлашича, ҳукумат яқин кунларда эҳтимолий чора-тадбирларни таклиф этади.

«Кўриб чиқилиши лозим бўлган вариантлар орасида Беларус билан чегарани узоқ муддатга ёпиш ва Калининградга транзитни чеклаш ҳам бор», — дея қўшимча қилди девон. Кутилишича, Науседа ушбу чораларни 28 октябр куни идоралараро йиғилишда муҳокама қилади.

Беларусдан учирилаётган метеозондлар ЕИнинг қўшни мамлакатлари ҳаво ҳудудига мунтазам кириб келмоқда — фақатгина 2025 йил бошидан Литва бундай 500 та ҳолатни қайд этди. Чегарачилар Латвия ва Полшада ҳам контрабанда сигарета юкланган шарларни аниқламоқда.

Литва учун муаммо шундаки, метеозондлар бевосита Вилнюс аэропортига яқинлашмоқда — шу сабабли у ерда бир неча соатгача амал қиладиган парвоз чекловлари жорий этилмоқда. Фақат октябр ойининг ўзида бу чораларга аэропорт тўрт марта мурожаат қилди, шулардан учтаси — сўнгги ҳафта ичида. Зондлар сабаб Каунас — мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри — аэропорти ҳам ишини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.

Литва ҳукумати содир бўлаётган ҳолат учун жавобгарликнинг бир қисмини Беларус ҳокимиятининг ҳаракатсизлигига юкламоқда — улар контрабандачиларга тўсиқ қўймаяпти, деб таъкидлаган эди аввало бош вазир Инга Ругинене. Шу фонда мамлакат Беларус билан чегарада айрим назорат-ўтказиш пунктларини вақтинча ёпган.