Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
LRT: Болтиқ давлатларидаги фирмалар РФнинг “соядаги” танкерларини ёнилғи билан таъминламоқда
Fast Bunkering компаниялари гуруҳига боғлиқ Rina ва Zircone номли бункер танкерлари бир неча бор денгизда РФнинг “соядаги” танкерларини ёнилғи билан таъминлагани аниқланди, деб ёзади LRT журналистлари. Финландияда бир ҳафта ичида “соядаги флот”га мансуб 31 танкер қайд этилган.
Латвия, Литва ва Эстония компаниялари тармоғи халқаро санкцияларни бузган ҳолда РФдан нефт ташувчи “соядаги флот” танкерларига ёнилғи қуймоқда. Бу ҳақдаги маълумотлар 27 октябр, душанба куни Литванинг жамоатчилик-ҳуқуқий медиакомпанияси LRT эълон қилган журналистик суриштирувда келтирилган.
Нашрга кўра, денгизда нефт ташувчи деб тахмин қилинган танкерларни ёнилғи билан таъминлаш операцияларида Fast Bunkering компаниялари гуруҳи иштирок этган. Журналистлар аниқлашича, бевосита ёнилғи қуйиш ишларини ушбу гуруҳга боғлиқ фирмалар назоратидаги бункер танкерлар — Rina ва Zircone — такроран амалга оширган.
Уларнинг маълумотича, 2024 йил июнидан 2025 йил мартигача Rina ва Zircone “кемага нефт қуйишнинг 286 операциясини ўтказган, 177 та нефт ва нефт маҳсулотлари ташувчи танкерни таъминлаган, шуларнинг камида 159 таси ушбу ташишлардан олдин ёки кейин Россия портларига кирган”.
Мақолада S&P Global молиявий-таҳлилий компанияси маълумотлари ҳам келтирилган: 2024 йил апрелигача бўлган 12 ой ичида Малта, Греция, Испания (Гибралтар), Нидерландия ва бошқа Европа давлатлари соҳиллари яқинида Россиянинг “соядаги флоти” танкерларига камида 3100 та ёнилғи қуйиш операцияси амалга оширилган.
Yle фин медиакомпанияси хабарига кўра, Финландияда бир ҳафтада Фин кўрфази орқали ўтган РФнинг “соядаги” 31 танкери қайд этилган. AFPга вазиятни изоҳлар экан, Финландия чегара хизмати раҳбари Микко Ҳирви: “Россия денгиз ташишлари ҳозир Украинадаги уруш бошланишидан олдинги даражада,” дея баҳолади. “Бу ҳодиса, ҳаракат ‘соядаги флот’ ҳисобига амалга оширилаётганини англатади,” — деди у.
Жорий йил февралидан ЕИ шундай турдаги 400 та танкерга нисбатан санкциялар жорий этган. Ҳирвининг сўзларига кўра, санкцияларни айланиб ўтиб, Россия нефтини эски кемаларда ташиш экологик фалокат хавфини келтириб чиқаради. У эски кемаларнинг “ёмон ҳолати” ва капитанлар томонидан йўл-йўлакай навигация тизимларини ўчириб қўйиш ҳолатлари туфайли, айниқса Фин кўрфази сувларида атроф-муҳитга таҳдид “яққол юқори” экани ҳақида огоҳлантирди.
Мавзуга оид
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
12:13 / 19.06.2026
Москвага уруш давридаги энг йирик ҳужум – суратлар
08:28 / 19.06.2026
София Россияга қарши янги чекловларга қарши чиқди
08:22 / 19.06.2026