27 октябр куни олтин нархи 2 фоиздан кўпроққа пасайиб, сўнгги уч ҳафтадаги энг паст даражага тушди. Бунга АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо танглигининг юмшаши ҳақидаги умидлар сабаб бўлди, дея хабар беради Reuters.
Томонларнинг келишиб олиши борасидаги умидлар рискли активларга бўлган қизиқишни кучайтириб, “хавфсиз бошпана” ҳисобланган олтинга талабни камайтирди. Шунингдек, шу ҳафта бўлиб ўтадиган АҚШ Федерал захира тизими йиғилиши ҳам инвесторлар эътиборида турибди.
Сешанба куни спот-олтин нархи 2 фоизга тушиб, унцияси учун 3 899,94 долларни ташкил этди – бу 6 октябрдан бери кузатилган энг паст кўрсаткич. Декабр ойида етказиб бериладиган АҚШ олтин фючерслари эса 2,6 фоизга камайиб, 3 915,30 долларга тенг бўлди.
Душанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой билан савдо келишуви тузилишига ишонч билдирди. У Малайзияга ташрифи давомида Жануби-Шарқий Осиёнинг тўртта давлати билан савдо ва стратегик минераллар бўйича битимлар имзолаганини эълон қилди.
Якшанба куни эса АҚШ ва Хитойнинг иқтисодиёт бўйича юқори мартабали амалдорлари Трамп ва Си пайшанба куни муҳокама қиладиган савдо келишуви лойиҳаси устида келишиб олди.
Шу билан бирга, Федерал захира чоршанба куни якунланадиган йиғилишида фоиз ставкасини пасайтириши кутилмоқда. Инвесторлар Фед раиси Жером Пауеллнинг кейинги сиёсат йўналишлари бўйича изоҳларини кутмоқда.
Ўзбекистонда ҳам олтин нархи пасайди
Марказий банк 28 октябр учун ўлчовли олтин қуймалар нархини белгилади. Унга кўра:
- 5 грамм – 7 969 000 сўм
- 10 грамм – 15 934 000 сўм
- 20 грамм – 31 867 000 сўм
- 50 грамм – 79 669 000 сўм
- 100 грамм – 159 336 000










