Иқтисодиёт | 13:43 / 30.10.2025
2572
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ФЗТ асосий ставкани кетма-кет иккинчи марта пасайтирди

АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) 25 базавий пунктга фоиз ставкасини пасайтиришни АҚШ меҳнат бозоридаги хатарлар ошиши билан изоҳлади. Бундан олдин Доналд Трамп ставкаларни туширишни бир неча бор талаб қилган эди.

Фото: Shutterstock

Федерал резерв тизими олти ҳафта ичида иккинчи марта федерал фондлар бўйича фоиз ставкасини пасайтирди. Очиқ бозор операциялари бўйича қўмита (FOMC) йиғилиши якунларига бағишланган, 29 октябр куни эълон қилинган пресс-релизда айтилишича, ҳисоб ставкаси 25 базавий пунктга камайтирилди ва ҳозир 3,75–4,0 фоиз диапазонида.

ФЗТнинг қайд этишича, сўнгги ойларда АҚШ меҳнат бозоридаги хатарлар ортиб бормоқда: иқтисодий фaоллик ўртача суръатларда ўсмоқда, бандлик ўсиши секинлашган, ишсизлик даражаси кўтарилган, инфляция эса жадаллашган ва “бироз юқори” даражада сақланиб турибди.

AFP агентлиги таъкидлашича, август ойида вазият президент Доналд Трамп амалга ошираётган бож сиёсатига оид ноаниқлик фонида янада ёмонлашди. АҚШда ҳукумат ишининг қисман тўхташи (shutdown) туфайли регулятор инобатга оладиган муҳим иқтисодий кўрсаткичлар эълон қилинмаяпти.

Бундан олдин Доналд Трамп ипотека кредитларини янада ҳаққоний қилиш учун ставкаларни сезиларли даражада туширишни бир неча бор талаб қилган.

FOMC'нинг олдинги — 17 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишида 2025 йилда илк маротаба ставка 4,25–4,5 фоиздан 4–4,25 фоизга туширилган эди. Унгача у бешта йиғилиш давомида ўзгармаган. АҚШ регуляторининг навбатдаги йиғилиши 9–10 декабр кунлари ўтказилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид