Ўзбекистон | 18:10 / 30.10.2025
4709
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги ЮНЕСКО конференциясида бир қанча ташаббусни илгари сурди

Президент ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида нутқ сўзлади ва инклюзив таълимни ривожлантириш, номоддий маданий меросни сақлаб қолиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш, хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун глобал дастурларни фаол ишга тушириш, иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш, виртуал маконда нохолис ахборотларни тарқатишга қарши биргаликда самарали чоралар кўриш каби илғор ташаббусларни билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

«Бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётганини Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси, деб қабул қиламиз. Шонли саксон йиллик юбилейини нишонлаётган ЮНЕСКО ўтган давр мобайнида таълим, илм-фан, маданият, санъат, ахборот соҳасида глобал ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик борасида жаҳондаги нуфузли институт сифатида ўзини намоён этиб келмоқда», деди давлат раҳбари сўзбошида.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ЮНЕСКО ташкилотининг олижаноб ва эзгу мақсадларига қатъий содиқ эканини таъкидлади. Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёрлигини маълум қилди.

Президент Ўзбекистон ЮНЕСКО тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида сўнгги йилларда кўплаб тадбирлар, фестиваллар, тарихий саналарга бағишланган халқаро анжуманларни ўтказиб келганини айтди.

Давлат раҳбари кун тартибидаги асосий масалалар бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

Биринчидан, алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича ЮНЕСКО платформасини жорий этиш, Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш, ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳасини амалга ошириш, сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказиш.

Иккинчидан, инсониятнинг бебаҳо хазинаси бўлган жаҳон номоддий маданий меросини сақлаб қолиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш, ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантириш, 19 ноябрни “Ҳужжатли мерос халқаро куни” деб эълон қилиш, ЮНЕСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этиш.

Учинчидан, хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун глобал дастурларни фаол ишга тушириш, хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш, Самарқандда хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказиш.

Тўртинчидан, иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш, “ЮНЕСКО экологик пойтахти” глобал ташаббусини жорий қилиш, “Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқиш, мазкур масала бўйича Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказиш.

Бешинчидан, виртуал маконда нохолис ахборотларни тарқатиш, жамоатчилик фикрини чалғитиш, дискриминацияга қарши биргаликда самарали чоралар кўриш, Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш, ЮНЕСКО Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясини ишлаб чиқиш, радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мақсадида, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланиш.

«Бугунги анжуман ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш бўйича глобал ҳамкорлик механизмларини кучайтириш борасида улкан амалий қадам бўлишига аминман. Ҳеч шубҳасиз, ЮНЕСКОнинг боқий анъана ва қадриятларидан куч олаётган “Самарқанд руҳи” бизни умумий тараққиёт сари янада бирлашишга ундайди. Бу эзгу йўлда барчангизга янги омад ва зафарлар, ЮНЕСКО сессияси ишига эса муваффақият тилайман», деб давлат раҳбари ўз нутқини якунлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид