Жаҳон | 09:11 / 31.10.2025
2163
4 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари ядро қуроли синови бўйича мораторийга риоя этишга чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул барча бешта ядровий держава ядровий қурол синовлари бўйича мораторийга риоя қилиши ўта муҳим эканини таъкидлади. ХДИ эса Трампнинг синовларни қайта бошлаш ҳақидаги баёнотига тушуниш билан ёндашди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп ядровий қурол синовларини қайта бошлашини айтганидан сўнг, Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул АҚШ ва Россияни янги ядровий синовлар ўтказмасликка чақирди. «Барча бешта ядровий держава синовлар бўйича мораторийларга амал қилишни давом эттириши кескин муҳим», — деди у журналистларга 30 октябр куни Сурия пойтахти Дамашққа қилган ташрифи чоғида.

ГФР ТИВ раҳбари мораторийга риоя қилишга чақириқ Корея Халқ Демократик Республикасига ҳам тааллуқли эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ХХI асрда ядровий синов ўтказган ягона давлат — шу давлат.

Бундан олдин Доналд Трамп Пентагонга ядровий қурол синовларини бошлашни топширганини айтиб, буни «бошқа мамлакатлар синов дастурларини амалга ошираётгани» билан изоҳлаганди. Бунга жавобан Москва ҳам ядровий синовларни тиклаш билан таҳдид қилди.

Йоханн Вадефул Трампнинг баёнотини «кўпроқ Россиянинг ўтмишда ядровий двигателли тизимларни синаганига реакция» дея баҳолади. Унинг айтишича, Германия ҳукуматига ҳозирча АҚШ президенти нима назарда тутгани тўлиқ аниқ эмас ва бу масала «америкалик ҳамкорлар билан муҳокама қилинади». «Ҳозирги пайтда мен бу ядровий синовларни дарҳол қайта бошлаш тўғрисида эмас, деб ҳисоблайман — қолаверса, бундай синовлар жиддий тайёргарликни талаб қилади», — дея қўшимча қилди немис вазири.

ХДИ/ХСИ блокининг ташқи сиёсат бўйича парламент фракцияси эксперти Юрген Хардт Трампнинг ядровий қурол синовларини қайта бошлаш ҳақидаги баёнотига тушуниш билан муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, дунёда ядровий ракеталар сони яна ортаётгани ташвишли, «лекин бу янги босқичнинг ташаббускори Америка эмас, аввало Путин». Депутат RTL ва ntv телеканаллари эфирида шундай деди.

Унинг сўзларига кўра, Россия Европада ўрта масофали ядровий ракеталарни жойлаштириб, халқаро шартномаларни бузган, Хитой ҳам фаол қуролланмоқда. Дунё бу қуролланишдан воз кечиши керак — «ва бунинг калити Вашингтонда эмас, Москва ва Пекинда», дея таъкидлади Хардт.

Сиёсатчи АҚШнинг ядровий кучини Германия ва Ғарбий Европанинг тирик қолиши учун асосий кафолатлардан бири деб атади. Шу боис, у АҚШ президентини ядровий арсенални модернизация қилиш учун танқид қила олмаслигини, «бу жараён синовларни ҳам ўз ичига олиши мумкинлигини» қайд этди.

Бу орада ГФР мухолифатида АҚШ раҳбарининг сўзлари танқидга учради. «Глобал қуролланиш пойгасини янада қўзғатиш ўрнига, Германия ҳукумати якка тартибда қуролсизланиш ва қуролланиш устидан назорат сари қадамлар ташлаши керак», — деди «Сўллар» партиясининг мудофаа масалалари бўйича эксперти Улрих Тоден. Унга кўра, бунинг учун энг аввало Германияда Американинг янги ўрта масофали ракеталарни жойлаштиришдан воз кечиш лозим.

Трампнинг риторикасини Мюнхен хавфсизлик анжумани собиқ раҳбари Кристоф Хойсген ҳам хавотир билан қарши олди. «Биз Доналд Трамп баёнотлари ҳар доим ҳам амалга ошмаслигини биламиз, аммо бу баёнотнинг ўзи етарлича ёмон — у бошқа ядровий державаларни Трамп изидан боришга ундаши, натижада эскалация спирали бошланиши мумкин», — деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид