Доналд Трампнинг ядро қуроллари синови бўйича таҳдиди глобал хавфсизлик билан боғлиқ мураккаб саволларни келтириб чиқарди. Мутахассисларга кўра, АҚШ 33 йилдан бери ядро арсеналини синамаган бўлса-да, ҳали ҳам дунёнинг нариги томонидаги нишонларни ишончли тарзда йўқ қила олади. Ушбу мақолада Американинг атом бомбалари ва уларни синов мақсадида портлатишга оид энг муҳим маълумотлар келтирилади.

Бошланиш – Путиннинг «мўъжизавий» қуроллари

Аслида ҳаммаси бир ҳафта олдин бошланди. Доналд Трамп Россия-Украина урушини тугатишга мажбурлаш учун русларнинг икки энг йирик нефта компаниясига санкциялар жорий қилди. Шу куни Россия президенти Владимир Путин ўзининг ядровий триадаси: қуруқлик, сув ва осмондаги ядро ташувчи ракеталари синовини эълон қилди.

Бир неча кун ўтиб эса ядровий двигателга эга, «чексиз масофага» уча оладиган, ядро қуроли олиб юриши мумкин бўлган «Буревестник» дрон-ракетаси синовдан ўтганини айтди.

Фото: Кремл матбуот хизмати

Шундан кейин, атом энергиясида ишлайдиган «Посейдон» ядровий торпедосини тақдим этди. Путинга кўра, «ҳаракат тезлиги ва чуқурлиги бўйича» дунёда бундай ускуна йўқ ва яқин орада пайдо бўлиши даргумон.

Трампдан кутилмаган баёнот

30 октябрга ўтар кечаси Доналд Трамп Пентагонга ядровий қурол синовларини бошлашни буюрганини билдирди. «Бошқа давлатлар синов дастурларини ўтказаётгани сабабли мен Мудофаа вазирлигига ядровий қуролимизни паритет асосида синашни бошлашни топширдим. Бу жараён дарҳол бошланади», — деб ёзди у Truth Social'да.