АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ армиясига Нигериядаги жангари гуруҳларга қарши ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўришни буюрди. Шу билан бирга, у ушбу мамлакат ҳукуматини христианларни ҳимоя қила олмасликда айблаган, Нигерия президенти эса мамлакатда диний муросасизлик йўқлигини таъкидламоқда.
Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида пост ёзиб, унда Пентагон Нигериядаги эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларга тайёр бўлиши кераклигини айтган.
«Агар Нигерия ҳукумати насронийларнинг ўлдирилишига йўл қўйишни давом эттирса, АҚШ зудлик билан Нигерияга кўрсатаётган барча ёрдам ва кўмакни тўхтатади. Бундан ташқари, АҚШ бу шармандали мамлакатга „қуролларни шайлаган ҳолда“ кириб, даҳшатли ваҳшийликларни амалга ошираётган исломий террорчиларни бутунлай йўқ қилиши мумкин. Мен Мудофаа вазирлигимизга эҳтимолий ҳаракатлар учун тайёргарлик кўришни буюрмоқдаман. Агар ҳужум қилсак, бу худди террорчи безорилар бизнинг азиз насронийларимизга ҳужум қилганидек, тез ва шафқатсиз бўлади!» – деб ёзди Трамп.
«ОГОҲЛАНТИРАМИЗ: ЯНИГЕРИЯ ҲУКУМАТИ ШОШИЛГАНИ МАЪҚУЛ!» – деган Трамп ўз одатига кўра матннинг бир қисмини катта ҳарфларда ёзиб.
Шундан сўнг, АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет унинг идораси ҳаракат қилишга шайлигини айтди. «Ёки Нигерия ҳукумати насронийларни ҳимоя қилади, ёки биз даҳшатли ваҳшийликларни амалга ошираётган исломий террорчиларни ўлдирамиз», – дея қўшимча қилди у.
АҚШ президентининг ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдиди унинг маъмурияти Нигерияни АҚШнинг диний эркинликларни бузган давлатлар рўйхатига киритганидан бир кун ўтиб янгради. Рўйхатда Хитой, Мянма, Шимолий Корея, Россия ва Покистон каби давлатлар ҳам бор.
Аввалроқ Трамп Нигерияни «алоҳида хавотир уйғотувчи мамлакат» деб атаган ва у ерда «минглаб» христианлар ўлдирилганини айтганди.
Президент гап айнан қандай қотилликлар ҳақида кетаётганига изоҳ бермади ва аниқ далилларни тақдим этмади. Аммо АҚШнинг ўнг сиёсий доираларида Нигериядаги христианлар геноциди ҳақидаги гап-сўзлар бир неча ойдан бери давом этмоқда.
Нигерия томони нима дейди?
Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Нигерияда христианлар мусулмонларга қараганда кўпроқ ўлдирилади, деб ҳисоблаш учун асос йўқ – икки дин вакиллари орасида зўравонлик қурбонлари сони деярли бир хил.
Ўзини христиан руҳонийси деб атаган Нигерия президенти вакили Даниэл Бвала BBC Newshour дастурида Трамп Нигерияга ёрдам беришни истаётгани, бироқ жангариларга қарши ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар икки давлат томонидан биргаликда амалга оширилиши кераклигини айтди. Шунингдек, у Нигерия суверен давлат эканини эслатиб ўтган.







