Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини тизимли ҳимоя қилиш зарур — президент
Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтаётган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Анжуман ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, БМТ Бош Ассамблеяси раиси Анналена Бербок, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши раиси Лок Баҳодир Тхапа, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.
Президент саммитда нутқ сўзлади ва бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти ва миллий ҳукуматлар ижтимоий фаровонликни таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлида биргаликда ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон, ўз навбатида, барқарор тараққиётга эришишга қаратилган халқаро ҳамкорликнинг барча форматлари ва ташаббусларини доим қўллаб-қувватлайди.
– Охирги йилларда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришдик. Биз бу йўлдаги ислоҳотларни бундан кейин ҳам давом эттирамиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари глобал ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлашга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Камбағалликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

– Ривожланаётган давлатларнинг ижтимоий дастурларига ресурсларни кенг жалб этиш мақсадида камбағалликка қарши курашишнинг янги молиявий архитектурасини яратиш вақти келди деб ҳисоблаймиз, деди Мирзиёев.
Шу муносабат билан камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий тенгсизликни камайтиришга амалий кўмак берадиган Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этиш таклиф қилинди.
Давлат раҳбари бандлик масалаларини самарали ҳал қилиш учун замонавий механизмларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, юқори технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши дунё бўйлаб миллионлаб иш ўринларининг қисқаришига олиб келмоқда. Бундай шароитда ходимларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий шериклик тамойилларини мустаҳкамлаш учун давлат, бизнес ва жамиятнинг фаол ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Президент “Ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат бўйича глобал ташаббус”ни ишлаб чиқиш таклифи қўллаб-қувватланишига умид билдирди.
Барча учун таълим имкониятларини кенгайтириш ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали йўлларидан бири экани таъкидланди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, саводсизликнинг йиллик иқтисодий зарари 1,4 триллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу ёшларнинг жамиятда ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишини қийинлаштиради, ижтимоий тенгсизликни эса кучайтиради.

Давлат раҳбари Очлик ва қашшоқликка қарши курашиш бўйича глобал альянснинг биринчи йиғилишида қабул қилинган қарорларни Ўзбекистон тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Альянснинг бўлажак саммитларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш ва таълим масалаларини кун тартибининг асосий мавзуси этиб белгилаш таклиф қилинди.
Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини тизимли ҳимоя қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилоти билан биргаликда Тошкент шаҳрида мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича халқаро форум ўтказишга ҳамда бу борада Глобал дастур қабул қилишга тайёр.
Президент иқлим ўзгаришининг ижтимоий ҳаётга таъсири тобора кучайиб бораётганини таъкидлади. Экстремал об-ҳаво ҳодисалари, чўлланиш ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, аввало, аҳолининг заиф қатламлари – фермерлар, мавсумий ишчилар, экологик вазияти мураккаб бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Иқлим ўзгаришига қарши курашишни бандлик дастурлари билан уйғунлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон БМТ томонидан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги моделини ишга тушириш ниятида эканини маълум қилиб, мазкур тажрибани жаҳон ҳамжамияти билан бўлишишга тайёрлигини билдирди.
Саммитда қабул қилинган қарорлар бутун дунёдаги миллионлаб одамларга умид бағишлаши, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
– Халқаро тараққиёт йўлида ижтимоий келишувни янгилаш, ҳар бир инсон учун муносиб ҳаёт тарзини яратиш бизнинг асосий бурчимиздир, деди давлат раҳбари.
Якунда Шавкат Мирзиёев саммитда қабул қилинган Доҳа сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва унинг барча тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини тасдиқлади.
Мавзуга оид
13:20
Ўзбекистон 2035 йилга қадар зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олди
13:20
2030 йилгача 17 минг МВтдан ортиқ «яшил» энергия қувватлари ишга туширилади
13:18
Ўзбекистонда 300 та маҳаллада қуёш станциялари ўрнатилади
13:15