Жамият | 18:20 / 04.11.2025
11723
5 дақиқада ўқилади

“Қайтиб оларкан, нега берди?” Сурхондарёда ногиронлиги бор шахсларга “совға” деб берилган уйлар тортиб олиниш арафасида

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан бир гуруҳ жисмоний имконияти чекланган фуқаролар нажот излаб Тошкентга келишди. 2018 йилда уларга “давлат томонидан совға” сифатида берилган уйлар аслида кредитга тақдим қилингани кейинроқ маълум бўлган. Аввалига уйнинг кредитини ҳомийлар қоплаб турган. Бу ҳам тўхтагач муаммолар бошланган. “1 млн сўм пенсия оламан, кредит тўлови эса ойига 2 млн сўм, буни тўлай олмаслигим аниқку” дейди умид билан пойтахтдан нажот истаб келган фуқаро.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Совға дейилганди, аммо...

2018 йилда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида кўплаб оилалар, хусусан, ногиронлиги бор ва имконияти чекланган фуқаролар уйлар билан таъминланган эди.

Сурхондарёнинг Қўмқўрғонидан Тошкентга келган бир гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ишонч билан айтишича, бу уйлар уларга давлатнинг туҳфаси бўлган. Уларнинг хотирлашича, нафақат уйлар, балки ичидаги гилам ва телевизорларни ўша пайтдаги вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов “Президент совғаси” дея шахсан топширган. Бу эътибор уларга қувонч ва яшашга умид бағишлаган эди. Улардан бири фарзандлари учун ниҳоят бошпана топилганидан бахтиёр бўлганини эслайди.

Аммо бу хурсандчилик узоққа чўзилмаган: хонадонлар кредит асосида берилгани ва улар энди ҳар ой кредит тўлашлари айтилган.

“Уйларимизни ҳам, ичидаги гилам-телевизорларгача 'Президент совғаси' деб беришган эди. Аммо ҳозир бизни қийнашяпти”, — дея таъкидлайди Мастура Муҳаммадиева

Тўлаб бўлмас қарз

Ногиронлиги сабаб улар ишлашга қодир эмас, давлат беридаган нафақа ҳисобига кун кечиради. Шу боис улар ниҳоятда оғир аҳволга тушиб қолганини айтишмоқда. Ойлик 2,5-2,7 миллион сўмгача бўлган кредит тўловлари уларнинг имкониятидан анча юқори. Мисол учун, баъзи фуқаролар 1 миллион сўм нафақа олади, бу эса коммунал харажатларни қоплагандан сўнг кредит тўловини амалга оширишни мутлақо имконсиз қилади. Улар уйларнинг кредит асосида берилиши ҳақида ҳеч қачон огоҳлантирилмаганликларини ва ўзлари тушунмаган ҳужжатларга алдов йўли билан имзо чектирилганини даъво қилишмоқда.

Олаётганим атиги 1 миллион сўм пенсия. 2 миллиондан ошиқ пул тўла , дейди. Тўламасанг, уйдан чиқасан, ишла, дейди. Қандай ишлайман?!” — дейди ногиронлиги бор бошқа ватандош Алишер Болтаев. Унинг сўзларига кўра, дастлаб харажатлар ҳомийлар томонидан қопланиши айтилган.

Энди эса нафақаларининг 50 фоизи тўғридан-тўғри ушлаб қолинмоқда, бу эса уларнинг тирикчилигини имконсиз қилган. Уйларнинг кадастр ҳужжатлари каби мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар банк томонидан гаров сифатида олиб қўйилгани эса уларнинг ташвишини янада оширган.

Тошкентга келишга мажбур бўлдик”

Уйдан чиқариб юборилиш хавфи остида қолган ногиронлар турли идораларга кўп маротаба мурожаат қилганини, натижа бўлмагандан кейин, Тошкентга келишганини билдиришди. “Боринг, ҳокимингизга айтинг. Сизларга ҳокимингиз тўлаб беради, дейишди”, — дейди ногиронлардан бири Бахриддин Алмурадов.

Қочиб келдик”

Ногиронларнинг айтишича, шикоятларини билдириш учун пойтахтга келиш ҳам “детектив” бўлди: маҳаллий ҳокимият вакиллари уларнинг сафарига тўсқинлик қилишга уринган, биринчи уриниш ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилиш билан кечган.

Мурожаат қилмайсизлар, масалани ўзимиз ҳал қилиб берамиз, дейишди, аммо кейин ваъдаларида туришмади” – дейди Мастура Муҳаммадиева.

Kun.uz вазият юзасидан вилоят ҳокимлиги билан боғланиб, изоҳ олишга уринди.

Қумқўрғон туман ҳокимияти матбуот хизматининг маълум қилишича, 2018 йилда Боғаро-2 массивида 25 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга икки сотихли намунавий уй-жойлар ажратилган. Мазкур фуқароларга берилган уй-жойларнинг умумий нархи 4 миллиард 128 миллион сўм бўлиб, шундан ипотека кредитларининг бошланғич бадаллари учун жами 413,0 миллион сўм маблағ туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлар томонидан тўлаб берилган.

Бугунги кунгача ушбу ипотека кредитлари бўйича ойлик тўлов жадвалига асосан умумий ҳисобда 1 миллиард 884 миллион сўм маблағ ҳомийлар ҳисобидан тўланган. Ҳозирда 25 нафар фуқародан 1 нафари олинган кредит қарздорликни тўлиқ ёпган ва қолган 24 нафар фуқароларнинг жами 918,2 миллион сўм ойлик график қарздорлиги мавжуд. Ушбу қарздорлиги бор шахсларга кредитни ёпишга ёрдам сифатида туман ҳокимлиги томонидан ёрдам бериляпти, уларнинг оиласида ишга яроқли бўлганлар касбга йўналтирилган, аёлларга тикув машиналари берилган. Кўнгиллилар топилмаётгани ҳисобига ногиронларга берилган уй-жойларни ҳомийлик маблағлари асосида тўлашга кўмаклашиш ишлари айни вақтда тўхтаб турибди”, – дейди вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муродбек Давлатов

Шокир Шарипов

Мавзуга оид