Исроилда 2025 йил 3 ноябр куни генерал-майор Ифат Томер-Йерушалми ҳибсга олинди. У яқингача мамлакатнинг бош ҳарбий прокурори эди. 31 октябр куни у исроиллик ҳарбийлар фаластинлик маҳбусни таҳқирлагани акс этган видео жамоатчиликка тақдим этилишида масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда истеъфога чиққанди.

Исроил телевидениесининг 12-канали томонидан илк бор 2024 йил август ойида намойиш этилган кадрлар Исроил жанубидаги Негев чўлида жойлашган Сде-Тейман ҳарбий базасидаги фаластинлик маҳбусларни вақтинчалик сақлаш марказида ўрнатилган кузатув камераларига ёзиб олинган. 2023 йил октябридан бери Ғазо секторида қўлга олинган фаластинликлар оммавий равишда шу ерга олиб келиб сақланган.

Видеода катта ангарнинг бетон полида юзтубан ётган ўнлаб маҳбуслар акс этган. Улардан бирини балаклава кийган бир гуруҳ аскарлар четга олиб, камералардан қалқон билан тўсиб қўйишади. Қалқонлар ортида айнан нима содир бўлгани маълум эмас. Бироқ, ушбу маҳбуснинг тиббий картасини кўрган манбалар журналистларга кейинчалик унга тўғри ичак ёрилиши ташхиси қўйилганини айтишган. Тахминларга кўра, бу маҳбус жинсий зўравонликка учраган.

Сде-Тейманда маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар аввал ҳам, камида 2024 йилнинг май ойидан бери бўлган. Уларни кўпчилик учун мўлжалланмаган кичик хонада ушлаб туришган, кишанлашган, кўзларини боғлаб қўйишган, ҳожатхонага киритишмаган, гаплашишни тақиқлашган, калтаклашган.

Томер-Ерушалми бошчилигидаги ҳарбий прокуратура Сде-Теймандаги воқеалар бўйича тергов бошлади. Бу ўнг сиёсатчилар ва фаоллар томонидан кескин танқидга учради: улар Исроил мудофаа армияси аскарларига қўйилган айбловларни «қонли бўҳтон» деб атади. Июл ойида ушбу базада хизмат қилган тўққиз нафар аскар қўлга олинди. Ҳибсга олиш тартибсизликлар билан кечганди: бир гуруҳ фаоллар ҳарбийлар билан бирдамлик билдириш учун Сде-Тейманга бостириб кирган. Якунда беш нафар аскарга оғирлаштирувчи ҳолатларда оғир тан жароҳати етказганлик айби қўйилган.

Сде-Тейман базасида аскарларнинг ҳибсга олинишига қарши намойиш
Jill Gralow / Reuters / Scanpix / LETA

Ёпиқ ҳарбий объектдан сизиб чиққан видео бўйича суриштирув воқеа билан бир вақтда олиб борилди. 2025 йил 29 октябрда бунга ҳарбий прокуратура ходимлари алоқадорликда гумон қилинаётгани маълум бўлди.