Жаҳон | 11:27 / 07.11.2025
2398
4 дақиқада ўқилади

Ригада 10 мингга яқин киши Истанбул конвенциясидан чиқишга қарши намойиш ўтказди

Йирик митинг Nosargāsim Māti Latviju шиори билан ўтди, акциялар Цесис, Лиепая ва Даугавпилсда ҳам ўтказилди. Полиция Ригада икки кишини қўлга олди. Сейм аввал денонсация учун овоз берган, аммо президент Ринкевичс қонунни қайтарди, масала 1 йилга кечиктирилди.

Фото: Alexander Welscher/dpa/picture alliance

Рига шаҳридаги Дом майдонида 6 ноябр куни сўнгги йиллардаги энг йирик шаҳар намойишларидан бири бўлиб ўтди. ЕИ Европа Кенгашининг аёлларга нисбатан зўравонлик ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишга оид Конвенциясини (Истанбул конвенцияси) денонсация қилишга қарши митингда, маҳаллий полиция маълумотига кўра, тахминан 10 минг киши қатнашди.

Акция Nosargāsim Māti Latviju (“Латвия она ватанимизни ҳимоя қилайлик”) шиори остида ўтди. Митинг иштирокчилари конвенциядан чиқиш учун овоз берган мухолифат партиялари вакилларини хиёнатда айблади, “Қўлингдан келганини қил — конвенция ғолиб бўлиши шарт!”, “Аёлларни калтаклаш — бизнинг қадрият эмас!” каби шиорлар айтилди, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашишга чақирувлар ёзилган плакатлар кўтарилди ва қўшиқлар айтилди. Митинг тахминан икки уч соат давом этди.

6 ноябр кечқурун шу каби акциялар мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтди. Цесисда тахминан 270 киши, Лиепаяда — тахминан 600, Даугавпилсда — 50–100 киши йиғилди. Умуман, митинглар тинч ўтди ва ҳодисалар қайд этилмади, бироқ Ригада полиция икки кишини қўлга олди: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотича, биринчиси жамоат тартибини бузган ва полициянинг қонуний талабларига бўйсунмаган, иккинчиси акция иштирокчисига нисбатан зўравонлик қўллаган.

29 октябр куни — конвенцияни денонсация қилиш тўғрисидаги қонуннинг иккинчи ва якуний ўқилиши арафасида Ригада оммавий митинглар бўлиб ўтган, унда тахминан 5 минг киши қатнашган эди. Кейинги куни мамлакатнинг якка палатали парламенти — сейм — депутати орасидаги мунозаралар 12 соатдан ортиқ давом этди. Конвенциядан чиқиш тарафдорлари унинг матни “анъанавий оилавий ролларни издан чиқаради”, деб баҳолади. Хусусан, “гендер” ва “гендер идентификация” тушунчалари таърифлари латиш анъаналарига “бегона” экани, мактаблар ва давлат сиёсати орқали “идеологияни мажбурий сингдириши” мумкинлиги норозилик уйғотди.

Денонсацияга қарши чиққанлар эса рақибларини “шарққа қарашда” айблаб, “бошни АҚШ томон буриш”ни таклиф қилди. “Билмайдиганлар учун эслатаман: АҚШ президенти Доналд Трамп woke маданиятига, гендеризм ва назоратсиз мигрант оқимларига қарши чиққан. Шунда бу масала мутлақо бошқача ёруғликда кўринади”, — деди мухолифат депутати Линда Лиепиня.

Натижада Сейм конвенциядан чиқиш учун овоз берди. Бироқ Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс тегишли қонунни имзолашдан бош тортди ва қарорни қайта кўриб чиқишни талаб қилган хатни депутатларга йўллади. Шу билан бирга, мамлакат қонунларига кўра, агар парламент аъзолари ушбу талабга риоя қилишдан бош тортса, давлат раҳбари уларнинг позициясига таъсир ўтказа олмайди. 5 ноябр куни эса масала бир йилга қолдирилди ва шундай қилиб уни кейинги чақириқдаги парламент кўриб чиқадиган бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид