Узбекистан | 09:31 / 07.11.2025
2311
2 дақиқада ўқилади

“С5+1” доирасида: Ўзбекистон ва АҚШ аграр соҳада стратегик шерикликни кучайтиради

Вашингтонда бўлиб ўтган “С5+1” саммити доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) илмий тадқиқот, таълим ва иқтисодиёт бўйича ўринбосари доктор Скотт Ҳатчинс билан учрашди. Томонлар илмий-тадқиқот, таълим ва савдо йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Музокараларда қишлоқ хўжалигининг устувор йўналишлари кесимида қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш, илмий муассасалар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизмларини кучайтириш, кадрлар тайёрлашни замонавий стандартларга мослаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Келишувларнинг асосий йўналишлари:

  • соя ва пахта: етиштириш ва қайта ишлаш бўйича тажриба алмашиш, навлар ва агротехнологияларни синовдан ўтказиш, қўшма илмий изланишларни йўлга қўйиш;
  • экспорт: тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш, стандартлаштириш ва сертификатлаштиришда ҳамкорлик;
  • илмий ҳамкорлик: аграр инновациялар, селекция, рақамли агрономия ва ресурс тежамкор технологиялар бўйича қўшма тадқиқотларни режалаштириш;
  • таълим: талаба ва мутахассислар алмашинуви, стажировкалар, қўшма семинар-тренинглар (CPD) дастурларини йўлга қўйиш.

Доктор Скотт Ҳатчинс Ўзбекистонда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, АҚШ томони илмий, техник ва савдо йўналишларида алоқаларни янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.

Ҳамкорлик натижасида соя ва пахта занжирида қўшилган қиймат ошиши, экспорт бозорлари талаб қиладиган сифат стандартларига мослашув тезлашиши, илм–фан ва таълим интеграцияси кучайиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид