Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Еврокомиссия Россия фуқаролари учун виза қоидаларини янада қатъийлаштирмоқда
Брюссел тафсилотларни ошкор этмади, бироқ кўп маротабалик визалар бўйича умумий қоидаларни қатъийлаштириши мумкинлигини билдирди. ЕИ даражасида тўлиқ тақиқ имконсиз, қарорлар асосан миллий консулхоналар ваколатида қолади.
Европа комиссияси РФ фуқароларига виза беришнинг янги қоидаларини жорий этишни муҳокама қилмоқда. Буни 6 ноябр куни Брюсселдаги брифингда идоранинг расмий вакили Маркус Ламмерт тасдиқлади.
“Биз ҳеч қачон сизиб чиққан маълумотларга изоҳ бермаймиз. Лекин қўшимча чораларни кўриб чиқаётганимизни ва буни ЕИга аъзо давлатлар билан яқин ҳамкорликда қилаётганимизни тасдиқлайман. Қўшимча маълумот борасида эса кейинги қарорларни кузатиб боришингизни сўрайман”, — деди Ламмерт.
DW мухбири саволига жавобан у виза беришни тўлиқ тақиқлаш Еврокомиссия ваколатига кирмаслигини ва бутун блок миқёсида мумкин эмаслигини аниқлаштириб ўтди.
“Виза бериш ва ҳар бир аризани кўриб чиқиш — аъзо давлатлар ваколати. Бироқ Европа комиссияси зарурат туғилганда, масалан, кўп маротабалик визалар бўйича, барча Шенген консулхоналари учун мажбурий бўладиган тарзда юмшоқроқ ёки қатъийроқ белгилаши мумкин — муайян мамлакатнинг миграция ва хавфсизлик хатарларини инобатга олган ҳолда”, — деб қўшимча қилди Маркус Ламмерт.
Бундан аввал Politico нашри ЕИ россияликларга кўп маротабалик шенген визалари берилишини тақиқлаш режалари борлигини хабар қилган эди. Агар бундай қарор қабул қилинса, россияликлар фақат бир маротабалик визаларни олиши мумкин бўлади, деб ёзади нашр уч европалик манбага таяниб. Истиснолар гуманитар сабаблар билан келувчилар ва ЕИ мамлакати фуқаролигига эга бўлган шахсларга тааллуқли бўлади. Бу чоралар Украинада давом этаётган уруш учун “жазо” сифатида кўриб чиқилмоқда.
2022 йил сентябрда — Украинадаги кенг кўламли уруш бошланганидан бир неча ой ўтиб Евроиттифоқ Россия билан соддалаштирилган виза тартибини тўхтатди. Натижада виза божи 35 евродан 90 еврога ошди, аризалар кўриб чиқиш муддати эса узайтирилди. Қатор Европа давлатлари — Полша, Латвия, Литва, Эстония ва Чехия россиялик фуқароларга туристик визалар берилишини бутунлай тўхтатди.
Бу чекловлар ва бошқа санкциялар ЕИга келаётган россияликлар сонини бир неча бараварга қисқартирди. 2024 йилда Иttифоқ мамлакатларига тахминан 541 минг россиялик келган, 2023 йилда — 517 минг, урушдан олдинги 2021 йилда эса — 4 миллиондан ортиқ. 2024 йилда россияликларга шенген визаларининг аксарият қисмини ЕИнинг жанубий мамлакатлари берди: Италия (152 мингдан кўп), Франция (124 минг), Испания (111 минг) ва Греция (деярли 60 минг). Politico’га кўра, етакчилар қаторида Венгрия ҳам бор.
Мавзуга оид
10:40 / 18.06.2026
ЕИ ва Кремл ўртасида норасмий алоқалар бўлгани хабар қилинди
08:45 / 18.06.2026
G7 баёнотидан сўнг Киев яна ҳужумга учради
08:29 / 18.06.2026
Путинга яқин деб ҳисобланган бизнесмен қамоққа олинди
22:32 / 17.06.2026