Жаҳон | 07:54 / 12.11.2025
2270
3 дақиқада ўқилади

AI инқилоби: IBM бэк-офисида 8 минг иш ўрни хавф остида

IBM йиллар давомида ҳисоблаш техникаси соҳасида етакчи компаниялардан бири бўлиб келган ва сунъий интеллект даврида ҳам бу мавқени сақлаб қолиш ниятида. CoreWeave билан ҳамкорликда компания сунъий интеллект учун суперкомпютер яратиш устида ишламоқда. Бироқ сунъий интеллектга қаратилган келажакнинг асосий “тўлови” — одамлар иш ўринлари.

Фото: Depositphotos

IBM раҳбари Арвинд Кришна The Wall Street Journal’га берган интервюсида компания кадрлар бўлимидаги бир неча юзлаб ходимларни AI (сунъий интеллект) агентлари билан алмаштиришини айтди. Бу қарор технологик тармоқдаги кенгроқ тенденцияни акс эттиради: муҳандисликка оид бўлмаган вазифаларни ҳам тобора кўпроқ сунъий интеллектга топширишмоқда.

IBM'да кадрлар бўлими мутахассислари сунъий интеллект воситалари туфайли ишларини йўқотмоқда, бироқ улар ўрнига компания бошқа бўлимларга кўплаб одамларни ишга олмоқда. Кришнанинг сўзларига кўра, компания сунъий интеллектни жорий этиш ва айрим иш жараёнларини автоматлаштириш бўйича улкан ишларни амалга оширган. Шу билан бирга, унинг айтишича, бошқа йўналишларга киритилган инвестициялар ҳисобига компанияда бандлик аслида ўсган.

Кришнанинг Bloomberg’га маълум қилишича, бэк-офисдаги 26 минг ходимнинг тахминан 30 фоизини сунъий интеллект билан алмаштириш мумкин. Нашр баҳолашича, бу тахминан саккиз минг иш ўрнига таъсир қилади, чунки IBM бундай лавозимларга қабулни тўхтатишни режалаштирмоқда. Компания AI воситалар ёрдамида ишга қабул ҳақидаги маълумотномаларни текшириш ёки ходимларнинг бўлимлар ўртасида кўчириш каби вазифаларни автоматлаштирмоқчи. Шу билан бирга, IBM биринчи чоракда асосан техник лавозимларга тахминан етти минг янги ходимни ишга олди.

Шу каби тенденция фақат IBM'да эмас. Октябр ойида Amazon деярли ярим миллион ходимни нейротармоқлар билан алмаштириш нияти борлигини маълум қилди. Кўплаб компаниялар ҳам AI ажиотаж таъсирида ходимлардан воз кечмоқда, бироқ бу ҳар доим ҳам муваффақиятга олиб келмайди. Harness ҳисоботига кўра, сунъий интеллектни жорий этишнинг 45 фоизи кодда хатоларга сабаб бўлади. Бундан ташқари, ташкилотларнинг 72 фоизи нейротармоқлар ишлаб чиққан код туфайли камида бир марта кутилмаган ҳодисага дуч келган. MIT ҳисоботи шуни кўрсатадики, сунъий интеллектни жорий этган компанияларнинг кўпчилиги шундан сўнг сезиларли натижаларга эриша олмаган — фақат 5 фоизидагина нейротармоқларга ўтиш даромадлар ўсишига олиб келган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид