Жаҳон | 09:48 / 13.11.2025
2017
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Венгрияда “Росатом” қураётган АЭСни санкциялардан чиқарди

Вашингтон “Росатом” Венгриядаги “Пакш” атом электр станциясининг иккинчи навбатини қуриши учун шарт-шароит яратишни истайди, деди АҚШ давлат котиби Рубио. Унинг таъкидича, лойиҳа якунланиши лозим, шунда Венгрия энергия жиҳатдан мустақил бўлади.

Фото: Attila Kisbenedek/AFP via Getty Images

Қўшма Штатлар Россиянинг “Росатом” давлат концерни томонидан Венгриядаги “Пакш” АЭСда янги блоклар қурилишини санкциялар доирасидан чиқарди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио Канадада 12 ноябр куни бўлиб ўтган “еттилик” (G7) ташқи ишлар вазирлари учрашувидан сўнг маълум қилди.

“У (‘Пакш’ АЭСнинг иккинчи навбати) аллақачон қурилмоқда ва уларга (венгерларга) уни тугатиш керак. Лойиҳа рус компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётгани учун, биз улар бу ишни якунлашини истаймиз”, — деди Рубио. Унга кўра, бу Венгриянинг энергетик мустақиллиги учун зарур.

Россия иштирокида “Пакш” АЭСни кенгайтиришга қаратилган лойиҳага қарши санкциялар 2024 йил ноябрда демократ Жо Байден бошчилигидаги олдинги АҚШ маъмурияти томонидан жорий этилган эди. 29 июн куни Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто республикачи Доналд Трампнинг янги маъмурияти бу чекловларни бекор қилганини айтди.

11 сентябр куни Люксембургдаги Европа Иттифоқи суди Россия билан ҳамкорликда “Пакш” АЭСда янги блоклар қурилишига Венгриянинг молиявий ҳиссасини Еврокомиссия томонидан маъқулланишини бекор қилди. Суднинг таъкидлашича, Будапештнинг “Росатом” концерни таркибидаги корхона билан танловсиз тўғридан тўғри шартнома тузишини маъқуллаш учун Еврокомиссияда етарли асослар бўлмаган.

Россия ва Венгрия 2014 йилда “Пакш” АЭСда 5- ва 6-сонли янги энергия блокларини (“Пакш-2”) қуриш бўйича ҳужжатларни имзолаган. Лойиҳа умумий қиймати 12,5 млрд евро деб баҳоланган. 2022 йил августида Венгрия атом энергетикаси бўйича бошқармаси “Росатом”га блокларни барпо этишга лицензия берган. 2023 йил май ойида Еврокомиссия станция қурилиши ва лойиҳани молиялаштиришга доир келишувларга тузатишларни маъқуллаган.

Ўша йил ноябрида Венгрия ҳукумати ва Россия давлат корпорацияси ишлар жадвалини имзолагани маълум бўлди. Иккита янги блокни тармоққа улаш 2030-йиллар бошига мўлжалланган.

Сийяртонинг айтишича, ушбу лойиҳа бўйича Россия ва Венгрия ўртасидаги ҳисоб-китоблар 2024 йил ноябрда АҚШ санкцияларига тушган Россия Газпромбанки орқали амалга оширилган. Декабрда Брюссел Европа Иттифоқи мамлакатларига газ етказиб бериш ҳисоб-китобларида муҳим рол ўйнайдиган Газпромбанкка нисбатан санкцияларни юмшатишни Вашингтондан сўраётгани маълум бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид