Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Руминия президенти “Лукойл” НҚЗ вақтинча давлат назоратига ўтказилишини инкор этмади
Руминия президенти Никушор Дан «Лукойл»га тегишли нефтни қайта ишлаш заводи (НҚЗ) «маълум муддат» давомида ҳукумат назоратига ўтиши мумкинлигини маълум қилди. Бир кун олдин шундай чақириқ билан мамлакат энергетика вазири ҳам чиққанди.
Плоешти шаҳрида жойлашган ва Россиянинг энг йирик хусусий нефт-газ компанияси «Лукойл»га қарашли Petrotel НҚЗ «маълум муддат»га давлат назоратига ўтказилиши мумкин. Бундай баёнотни мамлакат президенти Никушор Дан 12 ноябр куни матбуот анжуманида берди, дея хабар қилади HotNews румин нашри.
«‘Лукойл’га битта НҚЗ ва юзларча ёнилғи қуйиш шохобчаси тегишли (компания сайтида Руминияда 320 та АЁҚШ деб кўрсатилган — таҳр.). АЁҚШ улуши жуда катта эмас, аммо НҚЗ муҳим. Ҳозир у техник хизмат кўрсатиш сабабли ёпиқ, бир неча ҳафтадан сўнг қайта очиш режалаштирилган. Унинг тўхташи ҳозирча оқимга таъсир қилмаяпти, аммо ўрта ва узоқ муддатда нефтни қайта ишлаш тўхтаса, кўпроқ импорт қилишимизга тўғри келади. Муаммо шу ерда», — деди Дан.
Президентнинг таъкидлашича, НҚЗни сотиш жараёнини шошириш керак эмас. «Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, бир томондан, уни РФдан қўғирчоқ компания сотиб олиш хавфи йўқ — бизда стратегик аҳамиятга эга корхоналар сотувини баҳоловчи комиссия бор. Албатта, сотиб олишга қизиқиш мавжуд, лекин бу жараённи тезлаштиришга мажбур қилувчи омил йўқ. Шунингдек, махсус меъёрий асос талаб қиладиган яна бир вариант бор: НҚЗни маълум муддатга Руминия давлати сотиб олиши мумкин», — деди у.
11 ноябр куни Руминия энергетика вазири Богдан Иван Facebook’даги саҳифасида мамлакат «Лукойл»га тегишли НҚЗни ўз назоратига олиши кераклигини ёзди. У бу чорани «халқаро чора-тадбирлар тўлиқ бажарилишини кафолатлаш, 5 минг ишчининг иш ўринларини ҳимоя қилиш ҳамда миллий энергетика тизимининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш» зарурати билан изоҳлади.
Ноябр бошида қўшни Болгария парламенти президент Румен Радев ветосини енгиб, «Лукойл» активларини сотиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Шу билан бирга, ҳукумат Бургас шаҳрида компанияга тегишли НҚЗни давлат назоратига олиш ва янги эгасига сотишга йўл очадиган тузатишлар киритишни режалаштирмоқда.
Октябр охирида АҚШ ва Буюк Британия жорий этган санкциялардан сўнг «Лукойл»нинг хориждаги тузилмалари бизнес юритишда қийинчиликка дуч келмоқда. Муаммолар камида Ироқ, Швейцария ва Финландияда кузатилмоқда.
Жумладан, Somo Ироқ давлат компанияси санкциялар хавфи туфайли «Лукойл» томонидан мамлакат жанубидаги «Ғарбий Курна-2» конларида қазиб олинган хом нефтнинг ноябр ойига мўлжалланган уч партияси юкланишини бекор қилган. Швейцариядаги Litasco — Россия компаниянинг савдо бўлими билан эса Британия денгиз брокерлари санкциялар сабабли ишлашдан бош тортмоқда.
Финландияда «Лукойл»га тегишли Teboil АЁҚШ тармоғида тахминан 1000 нафар ишчи яқин ҳафталарда ишсиз қолишдан хавотирда — маҳаллий банклар компания тўловларини музлатишни бошлади. АҚШ Молия вазирлиги компанияларга «Лукойл» тузилмалари билан барча операцияларни 21 ноябргача якунлашга рухсат берган.
Мавзуга оид
08:28 / 03.06.2026
Руминия 298 та Lynx жанговар машинасини харид қилади
18:37 / 29.05.2026
Россия дрони Руминиядаги уйга келиб урилди
12:27 / 13.03.2026
Украина ва Руминия ҳарбий дронларни биргаликда ишлаб чиқаради
15:13 / 29.01.2026