Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оҳангаронда милтиқ билан савдо дўконига кириб, сотувчини жароҳатлаган эркак қамоққа олинди
Ҳолат 22 октябр куни содир бўлган. Аммо ИИБ орадан 20 кун ўтиб, 12 ноябрда Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғаган. Kun.uz хабаридан сўнг жиноят иши безорилик билан қайта малакаланди ҳамда эркакка нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.
Фото: Kun.uz
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида савдо дўконига милтиқ билан бостириб кириб, бир эркак ва сотувчи аёлни қурол билан калтаклаган шахс 2021 йилдан Овчилик жамияти аъзоси бўлган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати ахборотида келтирилган.
“Туманнинг “Кўксарой” МФЙ ҳудудида яшовчи 33 ёшли Р.Қ. (эркак), шаръий никоҳида бўлган 35 ёшли Н.Ш. (аёл)нинг ёнига, ўзига тегишли ов қуроли, (2021 йилдан Овчилик жамиятига аъзо) билан келиб, ўрталаридаги низо сабабли аёлга таҳдид қилган ва уриб тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчи фуқаро терговга жалб қилинган. Унга 22.02.2021 йилдан берилган овчилик гувоҳномаси бекор қилиниб, ТОЗ-34 русумли ов қуроли мусодара қилинган.
Жабрланувчи Н.Ш.нинг олган тан жароҳати юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланиб, 11.11.2025 йилда олинган СТЭ хулосасига кўра аёлда (соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келган) енгил тан жароҳати мавжудлиги кўрсатилган”, дейилади бошқарма расмий ахборотида.
Шунингдек, ҳозирги кунда ҳолат Тошкент вилояти ИИББ томонидан тўлиқ назоратга олиниб, Оҳангарон тумани ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Д.Қ. расмий ахборотда айтилгани каби Оҳангарон туманининг Кўксарой маҳалласида эмас, Ангрен шаҳрининг Нишбош кўчасида яшайди. Қолаверса, жабрланувчи аёлнинг билдиришича, у Д.Қ. билан эр-хотин бўлмаган.
“Хато маълумот тарқатилиши шаънимга таъсир қилмоқда. Мен у билан на қонуний, на шаърий никоҳда бўлмаганман. Биз эр-хотин эмасмиз. Турмуш қурмоқчи эдик, совчи жўнатган. Дадам олдин уй ол, кейин кўрамиз, деган. Шаърий никоҳида бўлган, деган хабарлар тарқатилиши ортидан барча яқинларим, отам, сен биздан яширинча никоҳдан ўтиб олганмидинг, дея сўроққа тутяпти. Мен у билан бир кун ҳам бир том остида яшамаганман”, дейди Ш.Н.
Д.Қ.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “б” банди билан қайта малакаланган.
ЖИБ Оҳангарон туман судининг 2025 йил 14 ноябрдаги ажрими билан Д.Қ.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган қилмиш учун бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “б” банди бўйича эса уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.
Мавзуга оид
16:18 / 02.12.2025
Хизмат йўқ, лекин тўлов бор: 5 та чиқинди ташиш корхонасининг қонунбузарлиги аниқланди
08:20 / 26.11.2025
Тошкент вилоятида 8,5 гектар ер учун 7,3 млн доллар талаб қилганлар қўлга олинди
15:21 / 25.11.2025
Тошкент вилоятида 12 килограмм гиёҳванд модда мусодара қилинди
20:48 / 24.11.2025