Россия қўшини 14 ноябрга ўтар кечаси Киевга «Кинжал», «Циркон», «Калибр», «Искандер-М» ракеталари, зарбдор дронлар ҳамда имитатор дронлардан фойдаланган ҳолда ҳужум уюштирган. Украина президенти Володимир Зеленский РФ қўшини зарба учун 430 га яқин дрон ва 18 ракетани, жумладан, баллистик ракеталарни ишга солганини маълум қилган.

Шаҳарнинг барча районларида вайронгарчиликлар қайд этилган. Деснянск, Оболон, Соломенск, Днипровск, Святошинск ва Подолск районларида турар жой бинолари шикастланган. Шаҳарнинг Дарницкий районида мактаб ҳудудида ёнғин содир бўлган, Голосеев районида дрон парчалари шифохона ҳудудига қулаб тушган. Шевченково районида очиқ майдонда ёнғин содир бўлган.

Киевда Россия зарбасидан шикастланган кўп қаватли уйлардан бири
Oleksii Filippov / AFP / Scanpix / LETA
Россия зарбаси оқибатида зарар кўрган уйлардан бирини кўздан кечираётган терговчи
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

36 киши жароҳатланди, олти киши ҳалок бўлди, дея хабар берган Киев шаҳри мэри Виталий Кличко.

Яраланган киевликни эвакуация қилаётган қутқарувчилар
Serhii Nuzhnenko / Radio Free Europe / Radio Liberty / Reuters / Scanpix / LETA
Киевда яшовчи аёл Россия зарбасидан зарар кўрган турар жой биноларидан бирининг ҳовлисида
Yan Dobronosov / Global Images Ukraine / Getty Images

Россия ҳужуми туфайли Киевда иссиқлик тармоқларининг бир қисми шикастланган. Деснянск районида иссиқлик магистралидаги фавқулодда вазият туфайли биноларнинг бир қисмида иссиқлик таъминоти вақтинча узилган, деб ёзди Виталий Кличко ўз телеграм-каналида. Унинг айтишича, Подолск районида ҳам иссиқлик таъминотида узилишлар бор.

Володимир Зеленский Россия зарбаси «одамлар ва фуқаролик инфратузилмасига имкон қадар кўпроқ зарар етказиш» учун режалаштирилганини таъкидлаган.