Фабио Каннаваро миллий жамоа мураббийи сифатида биринчи жиддий синовдан ўтди. Тўғри, Уругвай ҳам кучли рақиб, лекин ўшанда жамоа бу қадар оптимал таркибда бўлмаган. Каннаваронинг ўзида ҳам ҳали жамоа билан танишишга вақт йўқ эди. Сўнгги ўйинга нисбатан беш футболчи ўзгаргани ҳам бундан далолат қилмоқда. Энди биз мураббийнинг бир ойлик фаолиятига қисман баҳо бериш имкониятига эга бўлдик. Фабио Каннаваро ўтган даврда нималар қилди? Қандай ўзгаришлар амалга оширмоқда? Қуйида шу ҳақида тўхталамиз.

3-4-3 – МУВАФФАҚИЯТ КАЛИТИМИ?

Яқинда бир подкастда меҳмон бўлган Оле Гуннар Сулшер бугунги «Манчестер Юнайтед» системаси, яъни 3-4-3 ҳақида фикр билдираркан, бундай схемага қарши тўп суриш жуда қийин эканини тан олди.

«Агар ҳаммаси мукаммал шаклга келтирилса, бундай жамоага қарши прессинг қилиш ҳам, ҳимояланиш ҳам қийин бўлади», – деди норвегиялик мутахассис.

Тўғри, топ-клубларда бундай йўл билан муваффақият қозониш иложсиз экани ҳам айтилади, дунёнинг энг яхши жамоалари тўрт ҳимоячи билан ўйнашига ўрганиб қолганмиз. Лекин эътибор берсангиз, камтарроқ таркиб билан ўз даражасидан юқори футбол кўрсатган, айнан тактика орқали номдорроқ рақибларга қарши ҳам муносиб ўйнай олган кўплаб жамоаларда уч марказий ҳимоячи схемаси эди. Сўнгги Европа чемпионатларидаги Дания, Австрия ёки Швейцария миллий жамоаларини эсланг. Бу жамоалар таркибида биринчи рақамли топ-юлдузларни учратмайсиз, лекин улар доим ташаббускор футбол намойиш этишади, шунингдек, ўша ўртамиёна футболчилар ҳам шу тизим ичида юлдузга айланишади.

Қуйидаги суратда Сулшер айтган жиҳатни, яъни бундай тизимга қарши ҳимояланиш қийинлигини кўриш мумкин.

Қанот ҳимоячилари ҳужумга фаол қўшилганда олдинда бир чизиқда 5 футболчи ҳосил бўлади. 4-3-3 ёки 4-4-2 сехмасида, яъни вингерлар билан ўйнаганда бундай структурани яратиш қийин. Бу эса ўз навбатида рақибнинг 4 ҳимоячисига қийинчилик туғдиради. Доим узоқ қанотда бир бўш футболчига эга бўлиш ёки рақиб футболчиларини горизонтал «ёйиш» ҳисобига марказда ҳам кенгроқ зоналарга эга бўлиш имконияти бор.

Яқинда «МЮ»га қарши ўйинда «Челси» озчилик бўлиб қолгач, Мареска бешинчи ҳимоячини туширишга мажбур бўлди ва ўйиндан кейинги матбуот анжуманида рақиблар олдинги чизиқда беш киши бўлиб ҳужум қилаётгани учун қўшимча футболчига эҳтиёж сезганини айтди. Худди шундай қарорни «Сандерленд» мураббийи «МЮ»га қарши ўйинда қабул қилди – у ҳисоб 0:2 бўлса ҳам, вингер ўрнига учинчи марказий ҳимоячи туширишга мажбур бўлгани, акс ҳолда ҳисоб янада йириклашиб кетишидан чўчиганини яширмади.