17 ноябр куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ушбу давлат ташрифи сўнгги йилларда намунали тус олган Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам экани таъкидланди.

Томонлар барча соҳаларда эришилаётган ижобий суръат ва фаол алоқаларни мамнуният билан қайд этди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, шунингдек, маданий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинаётгани айтилди. Ташриф арафасида Урганч ҳамда Тошкент шаҳарларида ўтказилган Туркманистон маданияти кунлари ва фильмлари намойишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдиргани алоҳида таъкидланди.

Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Юк ташиш кўрсаткичлари ҳам ортиб бораётгани, жумладан, Туркманбоши портидан фойдаланиш фаоллашгани қайд этилди.

Музокаралар давомида ўзаро савдони кўпайтириш, саноат, энергетика, транспорт, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида самарали кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлараро алмашинувларни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.