Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро савдо ҳажмини икки баравар оширишга келишиб олди
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирокида бўлиб ўтган кенгайтирилган таркибдаги музокараларда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард доллардан 2 миллиард долларга етказиш, шунингдек, савдо, саноат, энергетика ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг музокаралари Кўксарой қароргоҳида икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари Туркманистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлигининг яққол ифодаси эканини таъкидлади.
Музокараларда Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб йўналишлари муҳокама қилинди. Савдо, транспорт, энергетика, сув хўжалиги ва бошқа муҳим соҳаларда эришилган натижаларга юқори баҳо берилди.
– Шубҳасиз, ушбу ютуқларда Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси, ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедовнинг улкан ҳиссаси бор, – деди президент Шавкат Мирзиёев.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми икки бараварга ошиб, 1 миллиард доллардан ошиб кетгани қайд этилди. Маҳсулотлар турини кенгайтириш, эркин савдо режимидан самарали фойдаланиш орқали бу кўрсаткични яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

“Шовот–Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши товар айирбошлашни кўпайтиришга қаратилган муҳим лойиҳа сифатида қайд этилди. Ушбу тажрибани бошқа манзилларда, биринчи навбатда “Олот–Фараб” ҳудудида қўллаш бўйича келишувга эришилди.
Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва талаб юқори бўлган бошқа товарлар ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма лойиҳаларга бизнес доираларини фаол жалб этиш муҳимлиги урғу билан таъкидланди.
Энергетика соҳасида шаклланган самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, шу жумладан, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштириш бўйича келишувга эришилди.

Транспорт соҳаси икки мамлакат иқтисодиётларини боғлайдиган муҳим бўғин эканлиги таъкидланди. Юк ташиш ҳажми ўсиб бораётгани, божхона-логистика тартиб-таомиллари соддалаштирилаётгани қайд этилди. Томонлар Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш ва пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб олди.
Эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш мақсадида йил охирига қадар Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ўтказиш режалаштирилган.
Гуманитар соҳадаги алоқалар кўп қиррали ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори экани таъкидланди. Урганч ва Тошкентда ўтказилган Туркманистон маданияти кунлари ва туркман фильмлари намойишлари катта қизиқиш уйғотгани қайд этилди.

Ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш мақсадида ўзаро концертлар ва театр жамоаларининг ижодий сафарларини мунтазам ўтказиш, Хивада Ёшлар форумини ташкил этиш, қўшма фильмлар ишлаб чиқариш амалиётини давом эттиришга келишиб олинди. Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани бўйича алмашинувларни фаоллаштириш ҳам режалаштирилган.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва тасдиқлаш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Мавзуга оид
15:41
БАА компаниялари Ўзбекистонда янги қуёш, шамол ва ГЭС лойиҳаларини амалга оширади
13:20
Ўзбекистон 2035 йилга қадар зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олди
13:20
2030 йилгача 17 минг МВтдан ортиқ «яшил» энергия қувватлари ишга туширилади
13:18