Покистоннинг оммабоп Islamabad Post нашрида “Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо ҳамкорлиги: фаол ўсиш тенденциялари” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистоннинг АҚШ билан савдо алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. 2024 йилда Ўзбекистон АҚШга 431 миллион АҚШ доллари миқдорида товар ва хизматлар экспорт қилган. Бу кўрсаткич 2014 йилдаги 42,4 миллион долларга нисбатан қарийб 10 бараварга юқори.

Қайд этилишича, Ўзбекистон экспортида АҚШнинг улуши 2014 йилдаги 0,3 фоиздан 2024 йилда 1,6 фоизга етган. Бу тенденция мамлакат экспортини юқори қийматли бозорлар томон диверсификация қилиш жараёни кучайганини кўрсатади.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг АҚШга умумий экспортида хизматлар соҳаси етакчи ўринни эгаллаб, 2024 йилда 274 миллион доллар (63,6 фоиз)ни ташкил этган. Бироқ, сўнгги йилларда товар экспорти таркибида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.

Хусусан, минерал ёқилғилар ва нефт маҳсулотлари экспорти 2020 йилдаги 287 минг доллардан 2024 йилда 117 миллион долларга етган. Муаллифга кўра, бу маҳсулотлар хизматлардан кейинги энг йирик экспорт гуруҳига айланиб, АҚШ бозорида Ўзбекистонда қайта ишланган энергия маҳсулотларига талаб ошганини англатади.

Шунингдек, анъанавий йўналишлардан ташқари янги маҳсулот турлари экспорти ҳам йўлга қўйилмоқда. Жумладан:

алюмин ва ундан тайёрланган маҳсулотлар экспорти 2020 йилда деярли бўлмаган бўлса, 2024 йилда 11,4 миллион долларга етган;
самолёт ва космик техника эҳтиёт қисмлари экспорти 10,6 миллион долларгача ошган;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан сабзавотлар, қаҳва, чой ва зираворлар экспорти 3,5 миллион доллардан ошган.

Муаллиф умумий хулоса қилиб, Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти босқичма-босқич хомашёдан саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига йўналиб бораётганини, бироқ ҳозирча хизматлар экспортининг устуворлиги сақланаётганини қайд этган.

Мақолага кўра, 2024 йилда Ўзбекистоннинг АҚШдан импорти 594 миллион долларни ёки жами импортнинг 1,5 фоизини ташкил этган. Импорт ҳажми экспортдан юқори бўлса-да, тафовут аста-секин қисқараётгани, бу esa хизматлар, минерал ёқилғилар, алюмин ва авиация компонентлари экспорти ўсиши билан боғлиқ экани таъкидланган.