18 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёевга ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш юзасидан ахборот берилди.

Йиғилишда маълум қилинишича, 2016 йилга нисбатан чет элда ишлаётган фуқаролар сони камайган бўлса-да, улар томонидан юборилган маблағ 3,8 миллиард доллардан 2025 йилнинг ўн ойи якунида 15,8 миллиард долларга етган.

Тақдимотда хорижий меҳнат бозорида малакали мутахассисларга катта талаб борлиги қайд этилди. Ҳозир 140 минг нафар мутахассисга буюртма мавжуд, аммо тил ва касбий малака бўйича талабларга жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш борасида қилинадиган ишлар ҳали кўп. Хусусан, меҳнат миграцияси хизматлари тарқоқ бўлгани учун одамлар овора бўлмоқда.

Шу мақсадда соҳадаги хизматларни тартибга солиш, барча жараёнларни “ягона дарча” тамойили асосида бирлаштириш вазифаси қўйилди.

Тошкент шаҳри Учтепа туманида Хорижга ишга тайёрлаш маркази, Термиз шаҳрида Ягона миграция хизматлари маркази ташкил этилади.

Пойтахтнинг Яшнобод туманида эса халқаро компаниялар билан ҳамкорликда немис ва япон тилларига ўқитиш мактаблари очилади.

Сўнгги йилларда Европа мамлакатларига миграция оқими 4 баробар кўпайгани таъкидланди. У ерда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Айни пайтда қатор Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси бўйича келишувлар мавжуд эмас. Президент томонидан тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларнинг имзолаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, хорижий давлатларда миграция бўйича атташе ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини кўпайтириш, мамлакатимиз ҳудудларида эса виза марказларининг кўчма офисларини очиш режалаштирилган.