Сўнгги пайтларда Эрон ва Қирғизистон сиёсатчилари пойтахтни кўчириш зарурати ҳақида гапиришяпти. Бундай ҳолатни Ўзбекистон ҳам ўз бошидан ўтказган. Хўш, бундан 95 йил олдин нима учун республика пойтахти Самарқанддан кўчирилган ва нега айнан Тошкент танланган эди?
Давлатларнинг пойтахти ўзгариши – жаҳон тажрибасида аҳён-аёҳда рўй бериб турадиган ҳолат. Сабаблар эса турлича бўлади. Масалан, бир неча кун олдин Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Теҳрондаги сув етишмовчилиги ва ер чўкиши сабабли пойтахтни Форс кўрфази томонга – Дубайнинг қаршисига кўчириш режалаштирилаётганини маълум қилди. Сўнгги ҳафталарда қўшни Қирғизистонда ҳам сиёсатчилар турли сабаблар билан пойтахтни Бишкекдан Манас шаҳрига кўчириш ҳақида гапира бошлади.
Мамлакат маъмурий марказини кўчириш тажрибаси Ўзбекистонда ҳам бор. Бундан 95 йил олдин республиканинг сиёсий ва маъмурий маркази кутилмаганда Самарқанддан Тошкентга кўчирилган эди. Хўш, нима учун бундай қарорга келинган ва пойтахт сифатида нега айнан Тошкент танланган? Бугун шу ҳақда гаплашамиз.
Марказий Осиёнинг бўлиб юборилиши
СССР деб аталган коммунистик давлат ташкил топгач, Марказий Осиё халқларини бўлиб ташлаш бошланади. Асосий мақсад – сунъий чегаралар орқали минтақа давлатлари ўртасида кескинлик пайдо қилиш эди. Ўша пайтда миллат етакчилари сифатида майдонга чиққан жадидлар бу ҳудудда умумий Туркистон яратиш ғоясини илгари сурган бўлсалар-да, бу амалга ошмай қолди. 1924 йил сентябр-октябр ойларида ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланиш натижасида Ўрта Осиё ҳудудидаги Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм республикалари ўрнида олтита миллий давлат бирлашмалари ташкил этилди.
Шу тариқа, 1924 йил 27 октябр куни Ўзбекистон ССР тузилди ва унинг таркибига еттита вилоят: Самарқанд, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент ва Тожикистон автоном республика сифатида киритилади. 1929 йилда Тожикистон алоҳида иттифоқдош давлат сифатида Ўзбекистондан ажралиб чиқади. Кейинчалик 1936 йилда Қорақалпоғистон ЎзССР таркибига қўшилади ва харитада бугунги Ўзбекистоннинг шакли юзага келади.
5 йилда 3 та пойтахт














