Туризм | 09:51 / 22.11.2025
3404
3 дақиқада ўқилади

Барча вилоятларда автомобилдан холи ҳудудлар ташкил этилди

Туризм қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида сайёҳлар ҳамда аҳоли учун пиёдаларга қулай, автомобил ҳаракатидан холи махсус ҳудудлар ташкил этилди. Ушбу зоналарда эркин пиёда юриш, дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқариш учун шароитлар яратилмоқда.

Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, сайёҳларга қулайлик яратиш, ҳар бир ҳудудда мазмунли дам олиш ва эркин пиёда юриш имкониятини кенгайтириш мақсадида мамлакат бўйлаб бир қатор йўналишлар «автомобилдан холи ҳудуд» сифатида белгиланди.

Жумладан:

  • Бухоро шаҳри тарихий марказида Тоқи Телпакфурушон маданий мерос объектидан Арк қўрғони автотураргоҳигача бўлган қисм;
  • Андижон вилояти – Хонобод шаҳридаги айрим ҳудудлар;
  • Фарғона вилояти – Фарғона шаҳридаги И.Каримов номидаги санъат саройи атрофи, «Эко шаҳар» маданий дам олиш боғи, Аҳмад ал-Фарғоний истироҳат боғи, Марғилон шаҳридаги Э.Воҳидов номидаги истироҳат боғи, Қўқон шаҳридаги Ўрда майдони ва «Истиқлол туризм кўчаси» автомобилдан холи ҳудудларга айлантирилган.

Самарқанд вилоятида эса Самарқанд туманидаги «Конигил» туризм қишлоғида янгидан ташкил этилган туризм объектида 2,5 км узунликдаги йўл автомобилдан холи ҳудуд сифатида фаолият кўрсатмоқда. Йўлнинг кириш қисмларига автомобил ҳаракатини тақиқловчи йўл белгилар ўрнатилган. Шунингдек, Регистон майдони ва Шоҳи Зинда мажмуасини боғловчи 1,5 км И.Каримов кўчаси ҳам автомобилдан холи ҳудуд сифатида белгиланган.

Бундан ташқари, қатор ҳудудларда ҳам шундай зоналар ташкил этилди:

  • Қорақалпоғистон Республикаси – Нукус шаҳри «Дўстлик» дам олиш маркази ҳудудидаги Дўстлик канали кўчаси;
  • Андижон вилояти – Андижон шаҳри Истиқлол, Ўрикзор ва Сариқўй кўчалари;
  • Жиззах вилояти – "Заргарлик" МФЙдаги Синдор Ҳамроқулов кўчаси, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним музейи атрофи, Ўрда экологик боғи;
  • Наманган вилояти – "Оби ҳаёт" МФЙда жойлашган У.Носир ва Лутфий кўчалари;
  • Қашқадарё вилояти – Шаҳрисабз шаҳри тарихий майдони, Шаҳрисабз туманидаги Мираки туристик маркази, Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдони атрофидаги Мустақиллик кўчаси;
  • Сирдарё вилояти – Гулистон шаҳри Алишер Навоий кўчасининг 0,72 км қисми;
  • Тошкент шаҳри – Миробод туманидаги Тарас Шевченко кўчаси;
  • Тошкент вилояти – "Қорасув" МФЙдаги Тошкент йўли кўчасининг бир қисми, Ойбек маҳалласида 1 км, Ангрен шаҳридаги Бунёдкор кўчаси, "Дўстлик" МФЙдаги С.Раҳматов кўчасининг 0,9 км қисми;
  • Навоий вилояти – «Янги Ўзбекистон» боғи, «Маънавият ва маърифат» боғи, Сармишсой музей-қўриқхонаси, Ёшлик кўли атрофи;
  • Сурхондарё вилояти – Термиз шаҳри Алпомиш маҳалласидан ўтадиган Алишер Навоий кўчасининг ички йўли;
  • Хоразм вилояти – Хива шаҳридаги 24,5 гектар майдонга эга «Арда Хива» туристик мажмуаси тўлиқ автомобилдан холи ҳудуд сифатида фаолият юритмоқда.

Туризм қўмитасига кўра, ушбу ташаббуслар ички ва халқаро туризмни ривожлантириш, пиёда саёҳатларни кенгайтириш, тарихий ва маданий ҳудудларда хавфсиз ва қулай пиёда ҳаракатини таъминлашга хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид