Яқинда Ўзбекистон Президенти ҳукумат йиғилишида бошқаларнинг тажрибасини шунчаки кўчириб олмаслик, балки сунъий интеллектни маҳаллий миқёсда ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Kun.uz банк соҳаси бу борада қандай иш олиб бораётганига қизиқди. Маълум бўлишича, айрим банклар бу йўналишда аллақачон ҳаракатни бошлаган ва илк натижалар билан бўлишишга тайёр.

InfinBANK жамоаси вакиллари Сервер Абдураимов ва Азиз Сияев бизга ташқи платформаларга таянмасдан ўзларининг СИ-ечимларини: ўз дата-маркази ва мижозларни баҳолаш тизимидан то Telegram-ботгача ва ҳатто банк бўлимларидаги голографик ассистентгача қандай яратишгани ҳақида сўзлаб беришди.

Нима ўзгарди

Мижозларни баҳолаш модели янгиланганидан сўнг прогнозлар аниқлиги 10% га ошди, шу билан бирга, аризаларни қайта ишлаш тезлиги ҳам ошди — тизим маълумотларни яхшироқ таҳлил қилади ва қарор қабул қилади. Бу мижозлар ўз саволларига тезроқ жавоб олиши, банк эса самаралироқ ишлашини англатади.

Маълумотларни қайта ишлаш маркази гиперконвергент платформа асосида қурилган бўлиб, мустақиллик ва кенг миқёслилик имконини беради: барча тармоқ ва каналлар захираланган, тизим юклама ошганда ҳам тўхтовсиз ишлай олади. Telegram-бот ва виртуал ассистент фойдаланувчиларга ўзбек ва рус тилларида 24/7 режимида хизмат кўрсатиб, операторларга тушадиган юкламани камайтиради. Бўлимларда эса голографик аватар мижозларга йўл-йўриқ кўрсатади ва банк хизматлари ҳақида маълумот беради.

Нега ҳаммасини ўзимиз қурдик

Оддий банкларда мижозларни баҳолаш ташқи сервислар орқали амалга оширилади, асосий тизимлар эскирган платформаларда ишлайди, чат-ботлар эса ташқи ечимлардан фойдаланади. Бундай ёндашувларда учта муаммо мавжуд:

Маълумотлар ташқарига чиқиб кетади. Мижозлар ҳақидаги махфий маълумотларни ташқи провайдерларга узатиш хавфсизлик ва қонунчилик учун хавфли ҳолатларни келтириб чиқаради.

Технология устидан назорат бўлмайди. Модел - қора қути, уни маҳаллий контекстга мослаштириш қийин. Платформа кутилмаганда нархни оширадиган бўлса, вазият асирига айланиб қоласиз..