Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда актриса Аглая Тарасова гиёҳванд модда контрабандаси бўйича шартли ҳукм олди
Москва вилояти Домодедово шаҳар суди актриса Аглая Тарасовани гиёҳванд моддалар контрабандаси иши бўйича айбдор деб топиб, унга уч йил шартли равишда озодликдан маҳрум этиш ва 200 минг рубл жарима жазосини тайинлади. Прокурор 31 ёшли актриса учун уч ярим йил шартли жазо сўраган, унинг сўзларига кўра, Тарасовани «жамиятдан изоляция қилмасдан ҳам тузатиш мумкин». Суд мажлиси 26 ноябр куни ёпиқ тартибда бўлиб ўтди.
Ҳимоя томонидан гувоҳ сифатида машҳур актёрлар Леонид Ярмолник, Евгений Циганов ва Юлия Снигир чиқиш қилган, аввалроқ Сергей Безруков ва Евгений Миронов ҳам Тарасова учун ёзма тавсиялар берган. Улар судда ҳамкасбини масъулиятли, меҳнатсевар, ҳаддан ташқари истеъмол қилиш ҳолатида бирор марта кўрмаганини таъкидлаган.
Тарасова 28 август куни Тел-Авивдан Москвага, Домодедово аэропортига келганда ушланган. Текширув пайтида унинг вейп қурилмаси ичида 0,38 грамм гашиш (каннабис) мойи аниқланган. Бу модда Исроилда қонуний, аммо Россияга олиб кириш қатъий тақиқланган. Қўзғатилган иш Россия ЖКнинг 229.1-моддаси («гиёҳванд моддалар контрабандаси») бўйича юритилди, мазкур модда бўйича актрисага аввалроқ 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш ва 1 млн рублгача жарима таҳдид солаётгани хабар қилинган эди.
5 сентябр куни суд уни уй қамоғига ўтказиш ўрнига айрим ҳаракатларини чеклаш тарзида енгилроқ эҳтиёт чорасини танлади: Тарасовага интернетдан фойдаланиш, тунги пайт уйдан чиқиш тақиқланган, ўзи эса паспортини ихтиёрий равишда топширган. Суд жараёнида актриса ўз айбини тўлиқ тан олди, аммо кўрсатмаларини ўзгартириб, вейп унга 2022 йилда Исроилдаги тадбиркор таниши томонидан совға қилинганини, унда қонуний каннабиснинг оз миқдори бор деб ўйлаганини айтди. Бу воқеани у «катта, аҳмоқона хато» ва «оғир сабоқ» деб атади.
Аглая Тарасова – актриса Ксения Раппопортнинг қизи. У томошабинларга биринчи навбатда «Интерны» сериали, «Лёд», «Лёд-2», «Лёд-3», «Холоп-2» филмлари ва «Беспринципные» сериалидаги роллари орқали таниш.