Европарламент "Украинада адолатли ва барқарор тинчликка эришишда ЕИнинг таклиф этилган режага муносабати ва иштироки" номли резолюцияни қабул қилди. Ушбу ҳужжат учун 27 ноябр, пайшанба куни 401 Европарламент депутати "ҳа" деб овоз берди, 70 нафар депутат қарши чиқди, 90 нафари бетараф қолди.
Европарпарламент депутатлари Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатларини Европада хавфсизлик учун юқорироқ масъулиятни зиммасига олишга, Украинани янада фаол равишда қўллаб-қувватлашга ҳамда барқарор тинчликка эришиш жараёнида иложи борича фаол иштирок этишга чақиради.
Резолюцияда таъкидланишича, "ушбу ҳал қилувчи геосиёсий пайтда" ЕИ ва унинг аъзолари етакчилик кўрсатиши, АҚШ ва шериклар билан ҳамкорликни давом эттириши керак. Шундагина "Украина учун адолатли ва барқарор тинчлик музокаралари халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланади, виждонан олиб борилади ва урушни тўлиқ тугатишга қаратилган бўлади".
Россия "тинчликка эришишдан манфаатдор эмас ва Украина фуқаролик аҳолиси ҳамда инфратузилмасига зарбалар беришни давом эттирмоқда". Шу билан бирга, Украинада урушни тўхтатиш бўйича Вашингтон ташаббуси "АҚШнинг халқаро ҳуқуқ, Европа ва Украина хавфсизлигига содиқлиги борасида асосли хавотирлар уйғотди", деб ҳисоблайди депутатлар.
Европарламент фикрича, "АҚШнинг Украинага нисбатан нотўлиқ, икки маъноли сиёсати барқарор тинчликка эришишга тўсқинлик қилмоқда". Шу билан бирга, у "трансатлантик ҳамжамиятнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий салмоғи билан қўллаб-қувватланган "ҳақиқий музокаралар" Украина учун адолатли ва барқарор тинчликни таъминлаши мумкин", деб ҳисоблайди.
Европа тинчлик стратегияси халқаро ҳуқуққа таяниш, Европанинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш, Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини кафолатлаш, Украина ва унинг халқи учун қабул қилинадиган бўлиши керак. Европарламентга кўра, айнан шу стратегия кейинги ҳар қандай тинчлик музокаралари учун асос бўлиб хизмат қилиши зарур.
"Тинчликка агрессорга имтиёз бериш орқали эмас, балки Украинани қатъий ва узлуксиз қўллаб-қувватлаш ва Россияни келгуси агрессиядан тийиб туришнинг етарли чоралари орқали эришиш мумкин", — дейилади резолюцияда.
Европарламент таъкидлашича, "Россия томонидан аввал тузилган мажбурий халқаро шартномалар кўп бор қўпол равишда бузилгани"дан келиб чиқиб, ҳар қандай тинчлик келишуви отишмаларни тўхтатишдан бошланиши ва мажбуриятларни ўз вақтида бажарилишини таъминловчи самарали назорат чоралари билан мустаҳкамланиши керак.








