Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ермак: Зеленский президент экан, Украина Россияга ҳеч қандай ҳудудни бермайди
Володимир Зеленский Украина президенти бўлиб қолар экан, мамлакат Россияга ҳеч қандай ҳудудни бермайди, деди Андрей Ермак.
Фото: AP
Киев Украина шарқида Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардан воз кечиш ниятида эмас, чунки буни мамлакат Конституцияси тақиқлайди. Ҳозирча фақат тўқнашув чизиғини белгилаш ҳақида гапириш мумкин, деди Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак The Atlantic нашрига берган интервюсида. Мазкур суҳбат пайшанба, 27 ноябр куни эълон қилинди.
«Шу кунларда бирор ақлли одам ҳудуддан воз кечиш ҳақида ҳужжатни имзоламайди», — дея Ермакнинг сўзларини келтиради нашр. Унинг таъкидлашича, Володимир Зеленский Украина президенти бўлиб турган экан, Киев Россияга оккупация қилинган ҳудудларни беришига «ҳеч ким умид қилмаслиги» керак. «Конституция бунга йўл қўймайди. Украина Конституциясига ва Украина халқининг иродасига қарши чиқмоқчи бўлмаган ҳар қандай шахс бундай қарор қабул қила олмайди», — деб таъкидлади у.
Ермакнинг айтишича, агар “ҳудудий масала” ҳақида гапирадиган бўлса, Украина фақат уруш қилаётган томонлар назоратида бўлган ҳудудларнинг чегарасини белгилайдиган чизиқ қаердан ўтиши кераклиги юзасидан мулоҳаза қилишга тайёр. «Ҳозир реал равишда гапира оладиган ягона нарса — бу тўқнашув чизиғини белгилаш. Биз қилишимиз керак бўлган иш шу», — деди у.
Худди шу куни Ермак ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида АҚШ ва Украина делегациялари ҳафта охирида Женевада бошланган шу аталмиш “Трамп режаси”ни муҳокама этишни давом эттиришини маълум қилди. Буни Украина президенти Володимир Зеленский ҳам 27 ноябр кечқурун эълон қилинган навбатдаги видеомурожаатида тасдиқлади. Шу билан бирга, Зеленский таъкидлашича, Украина учун энг муҳими — Украина Қуролли Кучлари позицияларини ҳимоя қилиш ва олдинги чизиқда қаршилик кўрсатишдир.
The Atlantic журналисти Саймон Шустер ёзишича, Ермак биринчи марта очиқ айтган ушбу позиция Украина делегациясининг кейинги музокараларда келишувга эришиш имкониятларини кескин чеклаб қўяди.
Шу вақтга қадар Москва Киевдан Украина Қуролли Кучлари тўлиқ босиб олинмаган Донбасс қисмидан ҳам чиқиб кетишини талаб қилишдан воз кечишга тайёрлигини намоён этмаган эди. Россия қўшинлари тўлиқ босиб ололмаган ҳудуддан украин армияси кетиши ҳақидаги ушбу талабларни Владимир Путин 27 ноябр куни яна такрорлади. «Украина қўшинлари улар эгаллаб турган ҳудудлардан чиқиб кетсин — ана шунда уруш ҳаракатлари тўхтайди. Агар чиқмаса — биз буни қуролли йўл билан амалга оширишга эришамиз», — деди РФ президенти Қирғизистонга қилган ташрифи давомида ўтказилган матбуот анжуманида.
Шу билан бирга, Путин декабр бошида Москвага АҚШ делегацияси келишини, у ерда “Трамп режаси”нинг янгидан таҳрирланган версиясини Россия томонига тақдим этишини тасдиқлади. Россия вакиллари эса олдинроқ мазкур ҳужжат асосида Киевга максималистик талаблар қўйилганини, шу боис унга ҳар қандай ўзгаришларни қабул қилмаслигини айтган эди.
Европарламент қабул қилган “ЕИнинг таклиф этилган режага позицияси ва Украинада адолатли ва барқарор тинчликка эришишда ЕИнинг иштироки” номли резолюцияда таъкидланишича, Украина борасидаги ҳар қандай тинчлик музокараларининг асосида халқаро ҳуқуқ ва Украина ҳамда бутун Европанинг хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган тинчлик стратегияси ётиши керак.
Шу билан бирга, евродепутатлар АҚШнинг Украинага нисбатан “икки маъноли сиёсат”ини танқид қилиб, бу “барқарор тинчликка эришишга тўсқинлик қилаётгани”ни қайд этди. «Тинчлик агрессорга имтиёзлар бериш орқали эмас, балки Украинага қатъий ва мунтазам қўллаб-қувватлаш кўрсатиш ва келажакда Россиянинг яна агрессия қилишидан тийилиши учун етарли даражада тўсқинлик ўрнатиш орқали эришилади», — дейилади резолюцияда.
Бундан ташқари, Европарламент фикрича, ҳар қандай тинчлик келишуви Россияни Украинага тўлиқ моддий ва номоддий зарарни қоплашга мажбур қилиши керак. Шунингдек, ҳужжат Россия ва унинг иттифоқчиларининг Украинага нисбатан содир этган агрессия жинояти ва ҳарбий жиноятлар учун Халқаро жиноий суд ҳамда агрессия жинояти бўйича махсус трибунал олдида тўлиқ жавобгарлигини кафолатлаши лозим, деб ҳисоблайди евродепутатлар.
Мавзуга оид
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
21:45 / 04.12.2025