Ўзбекистон | 12:49 / 29.11.2025
1995
3 дақиқада ўқилади

Андижон — 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти этиб эълон қилинди

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ доимий кенгашининг 42-йиғилишида Андижон шаҳри 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинди. 

Йиғилишда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Қозоғистон маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Туркманистон маданият вазири Атагелди Шамирадов, Озарбойжон маданият вазири ўринбосари Мурад Гусейнов, Қирғизистон маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари Аскарали Мадаминов, Туркия маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Сердар Чам ҳамда ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев иштирок этди.

Йиғилиш доирасида ТУРКСОЙ томонидан жорий йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди, 2026 йилда ўтказиладиган тадбирлар режаси, қўшма лойиҳалар ва туркий дунёнинг маданий соҳадаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама этилди.

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотининг мазкур йилда Габала шаҳрида бўлиб ўтган саммити доирасида қабул қилинган «ТУРКСОЙ ташкилотини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш долзарблиги таъкидланди.

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ушбу ҳужжатнинг аҳамиятини алоҳида қайд этиб, унинг амалга оширилиши ТУРКСОЙнинг халқаро ташкилот сифатидаги мақоми ва мавқейини янада юксалтиришини таъкидлади. Шу билан бирга, туркий давлатлар ўртасида маданий алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

ТУРКСОЙ доимий кенгаши қарорига биноан ҳар йили туркий тилли давлатлардаги шаҳарлардан бири «Туркий дунёнинг маданият пойтахти» сифатида эълон қилинади. Мазкур мақомга эга шаҳарда ва ҳамкор давлатларда бир йил давомида турли маданий тадбирлар, фестиваллар, илмий анжуманлар ва учрашувлар ўтказилади. Бу орқали миллий маданият халқаро миқёсда кенг тарғиб этилади, шунингдек, сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.

Доимий кенгашнинг 42-йиғилишида Андижон шаҳри 2026 йил учун туркий дунёнинг маданият пойтахти сифатида тан олинди. Бу хушхабар йиғилиш иштирокчилари томонидан олқишлар билан кутиб олинди. 

Йиғилиш якунида кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва зарур ҳужжатлар имзоланди.

2020 йилда Хива шаҳри ҳам туркий дунёнинг маданият пойтахти сифатида эътироф этилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид