Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Роскомнадзор WhatsApp мессенжерини тўлиқ блоклаш билан таҳдид қилмоқда
Регулятор мазкур мессенжер жиноий фаолият учун ишлатилаётгани ва РФ қонунчилиги талабларини бажармаётгани ҳақида маълум қилмоқда. У чекловларни босқичма-босқич жорий этаётганини маълум қилди ва россияликларни маҳаллий сервисларга ўтишга чақирди.
Роскомнадзор (РКН) жума куни, 28 ноябрда, Россия қонунчилигини бузишни давом эттираётган WhatsApp мессенжери мамлакат ҳудудида мутлақо блокланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Регулятор матбуот хизматининг таъкидлашича, ушбу сервис "мамлакат ҳудудида террорчи ҳаракатларни ташкил этиш ва ўтказиш, уларнинг ижрочиларини ёллаш, фуқароларга нисбатан фирибгарлик ва бошқа жиноятларни амалга ошириш учун ишлатилади". Шу билан бирга, РКН WhatsApp’га нисбатан янги чеклов чораларини босқичма-босқич жорий этаётганини маълум қилди ва фойдаланувчиларга "миллий сервисларга ўтиш"ни тавсия этди.
Шу билан бирга, айрим юқори лавозимдаги россиялик амалдорлар WhatsApp мессенжеридан фаол фойдаланишни давом эттирмоқда. Масалан, яқинда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан телефон суҳбати ёзувининг сизиб чиқишига изоҳ берар экан, "Коммерсант" газетасига Москва баъзан Вашингтон билан мулоқотни WhatsApp орқали олиб боришини айтган.
28 ноябр тонгидан Россия фойдаланувчилари яна WhatsApp ишидаги узилишлар ҳақида хабар берди. Бундан олдин, 2025 йил август ойида Роскомнадзор WhatsApp ва Telegram’да қўнғироқлар блокланиши ҳақида эълон қилган эди.
Октябр ойи охирида эса, Россия жанубида мессенжерлар ишида кузатилган узилишларни изоҳлар экан, идора "жиноятчиларга қарши курашиш мақсадида хорижий мессенжерлар ишини қисман чеклаш чоралари кўрилаётгани"ни маълум қилган.
РКН маълумотларига кўра, Telegram ва WhatsApp фойдаланувчиларни алдаш, пул талаб қилиш, шунингдек, фуқароларни диверсион ва террористик фаолиятга жалб этиш учун ишлатилади. Шу билан бирга, сервислар эгалари бундай қоидабузарликларга қарши курашиш чораларини кўриш ҳақидаги талабларни "эътиборсиз қолдирган".
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
18:11 / 12.06.2026
Uzbekistan Airways ёнилғи танқислиги туфайли Ўзбекистондан Россияга айрим парвозларни қисқартиради
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
09:35 / 12.06.2026