Ўзбекистонда экология масаласига давлатнинг муносабати ваниҳоят кескин ўзгаргандек кўринмоқда. Сўнгги ҳафталарда ҳаво сифати муаммоси сиёсий кун тартибидаги энг устувор масалалардан бирига айланди. Бундай уйғоқлик ва қатъиятлилик асло сусаймаслиги, илмий асосланган тарзда ва ҳуқуқий доирада давом этиши – алалоқибат фарзандларимиз ва невараларимизнинг ҳаёт сифатини белгиловчи бош омил бўлади.

Халқаро ташкилотлар ҳисоботларига кўра, 2022 йилда экология сабабли 32 миллион одам ўз уй-жойларини ташлаб, экологик қулайроқ жойларга кўчиб ўтишга мажбур бўлган.

Баъзи халқаро институтларга кўра, 25 йилдан кейин – 2050 йилга бориб, 1,2 миллиардга яқин инсон экологик қочқинга айланиши мумкин экан. Яъни айнан экологик омиллар сабаб ё ўз мамлакати ичида яшаш жойини ўзгартиради, ёки хорижга кўчиб кетишга мажбур бўлади. Назаримда, 1,2 млрд – бу жуда катта рақам, лекин энг камида юзлаб миллион инсон экстремал экологик вазият сабабли бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлиши – турган гап.

Экология – бир қарашда сиёсий, геосиёсий мавзу эмасдек. Ўтмишда экология у қадар ўткир сиёсий мавзу эмасди. Лекин келажакда экология – энг ўткир сиёсий ва геосиёсий мавзу, муаммо бўлиб бораверади.

Дунё давлатларида “барқарор ривожланиш” номли концепция бор. Бу концепцияга кўра, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий фаровонлик ҳамда табиатни асраб-авайлаш ўртасида мувозанат бўлиши керак. Агар иқтисодий ўсиш ва одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиши табиатга катта зарар етказса ва мувозанат бузилса, инсонларнинг, жамиятларнинг яхши яшаши иллюзия бўлиб қолади. Экология – бу нафақат тоза ҳаводан нафас олиш, тоза сув ичиш, балки экологик тоза маҳсулотлар истеъмол қилиш ҳамдир. Агар одамлар истеъмол қилаётган маҳсулотлар сунъий кимёвий таркибга тўла бўлса, сувда хлор ва бошқа кимёвий моддалар миқдори кўп бўлса, ҳаво чанг ва ғуборларга тўлиб тошган бўлса – одамларнинг фаровонлиги мутлақ татимайди.

Ўтган жума куни Ўзбекистон масжидларида одамлар ёмғир сўраб жамоат намозини ўқишди. Бу – ўзбекистонлик мусулмонлар хотирасида олдин кузатилмаган тажриба бўлди. Бу амалиёт ҳам Ўзбекистондаги экологик вазият таранглашаётганини яққол кўрсатади.

Ўзбекистонда беш йўналиш бўйича экологик муаммолар кузатилади.

Биринчиси – Орол денгизининг қуриши. Аждодларимиз Оролни “денгиз” деб билишган, аслида Орол – бу дунёдаги энг катта кўллардан эди. Бироқ техноген, яъни инсон омили сабаб, бу катта кўл қуриб битди. Кейинги ярим асрда Орол денгизи 16 бараварга торайди. Орол қуригач, унинг майдонидан қум аралаш туз ҳам кўчмоқда.