Ўзбекистон | 12:09
3832
4 дақиқада ўқилади

Humans иловасига уланган карталардан оммавий равишда пул ечиб олиняпти

Humans мобил иловасига уланган карталардан оммавий равишда тасдиқ СМС-кодисиз пул ечиб олиняпти. Транзакция «PL HUMANS P2P» номи остида амалга оширилган. «Humans кеча тунда 3 марта жами 12 млн сўмдан ортиқ пулимни ечган. Компания операторига телефон қилсам, ишламаяпти. Ҳеч қандай СМС-код келмади, apk файлни очмадим», дейди Kun.uz билан боғланган жабрланувчилардан бири. Марказий банк ҳолатни тасдиқлаб, пули ечиб олинган фуқароларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни тавсия қилди.

Humans билан боғлиқ вазият янада жиддийлашяпти. Kun.uzʼга мурожаат қилган жабрланувчининг сўзларига кўра, мобил компания иловасига уланган пластик карталардан оммавий равишда тасдиқ СМС-кодисиз пул ечиб олиняпти. Транзакция «PL HUMANS P2P» номи остида амалга оширилган.

«Humans компанияси менинг картамдан ҳам кечаси соат 01:19 ва 02:28 да 2 млн сўм пул ечиб олган. Операторга телефон қилсам, пулингизни қайтарамиз, лекин қачонлиги аниқмас деяпти», дея ёзади Турсунбек исмли мурожаатчи.

Яна бир жабрланувчи бир муддат олдин Humans иловасига уланган картасидан 5 млн сўм ечиб олинганини айтяпти.

«Humans бўйича муаммо бўляпти. Картамдан 5 млн сўмдан ортиқ пул ечилган. Операция ҳеч қандай тасдиқлаш кодларисиз амалга оширилган», дейди мурожаатчи.

«Humans кеча тунда 3 марта жами 12 млн сўмдан ортиқ пулимни ечган. Компания операторига телефон қилсам, ишламаяпти. Ҳеч қандай 4 талик код, apk файлни очмадим», дейди Моҳинур исмли жабрланувчи. 

Айни пайтда Humans иловасининг ўзида ўтказмалар тарихи кўринмаяпти, бошқа иловалар орқалигина картадан ечиб олинган пуллар тарихини кўриш мумкин.

100 млнга яқин пулидан айрилган жабрланувчининг Humans оператори билан суҳбат аудиосида компания call-маркази «ҳозир бу бўйича техник ишлар олиб бориляпти, ариза олиб қоляпмиз. Чатга скриншот ташлаб қўйинг. Электрон почта ва паспорт серияси ҳам керак бўлади. Шунингдек, картангиз уланган телефон номер, картангизнинг бошидаги олтита рақам ва охиридаги 4 та рақамни ҳам ёзинг. Ариза 7 кунда кўриб чиқилади», дея жавоб берган.

Ижтимоий тармоқларда аудиоси тарқалган бошқа бир суҳбатда call-марказ ходими жабрланувчига пули қайтариб берилишини таъкадлаган, аммо бу борада аниқ муддат айта олмаслигини билдирган.

«Менга ҳам аниқ муддат номаълум. Лекин иш ёпилиш жараёнида, кутиб турсангиз қайтариб берилади, албатта. Тегишли бўлимга яна бир бор эслатиб қўйдим. Сизга алоқага чиқишади. Жа 10 кун бўлиб кетиб қолса, яна алоқага чиқишингиз мумкин. Пулингиз карта рақамингизга тушириб берилади», деган оператор. 

Аммо, Компания call-маркази изоҳи ва компания вакилининг тушунтириши бир бирига мос келмаяпти. Масалан Podrobno.uz мухбирига Humans сервисининг техник қўллаб-қувватлаш хизматидан маълум қилинишича фирибгарлик схемаси аниқлангани, бегона шахслар фойдаланувчиларнинг ҳисобларига кириб, уларнинг розилигисиз молиявий операциялар амалга оширган.

Марказий банк ҳолатни тасдиқлаб, пули ечиб олинган фуқароларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни тавсия қилди. 9 декабр ҳолатига кўра Humans  мобил иловаси орқали «Octagram» АЖ (Paylov – савдо белгиси) томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.

Воқеалар ривожини кутазиб борамиз.

Достон Ахроров
Kun.uz

Мавзуга оид