Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қора денгизда юк ташиш суғуртаси нархи уч баробар ошди
Қатор тижорат кемаларига қилинган ҳужумлардан сўнг Қора денгизда, энг катта даражада Россия билан боғлиқ танкерлар, бироз камроқ даражада эса, жумладан ғалла ҳам ташийдиган, РФ билан боғлиқ юк ташувчи кемалар суғуртаси нархлари ошди, деб ёзади Financial Times (FT).
Фото: Yoruk Isik/REUTERS
Сўнгги бир ой ичида Қора денгизда тижорат кемаларини суғурта қилиш нархлари уч бараварга ошди ва бу кўрсаткич Украина ҳужумларидан кейин яна ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда якшанба, 7 декабр куни Financial Times (FT) суғурта брокерлари маълумотларига таяниб хабар берди. «Қора денгизда – ғалла ва нефт каби муҳим товарлар савдоси учун ҳал қилувчи ҳудудда – кемаларни ҳарбий хатарлардан суғурта қилиш қиймати Украина махсус кучлари томонидан инфратузилмага, жумладан Россиянинг Новороссийск портига қилинган ҳужумлардан кейин кескин ошди», — дейилади материалда.
Ноябр ойининг бошидан декабр бошигача ушбу турдаги суғурта нархи 250 фоизга ўсган — кеманинг қийматидан 0,25–0,3 фоиздан 0,5–0,75 фоизгача кўтарилган, деб маълум қилди нашрга Marsh брокерлик компаниясининг денгиз ва юк ташиш бўлими раҳбари Маркус Бейкер. Унинг айтишича, энг ката ошиш Россияга тегишли Қора денгиз ҳудудларида кузатилган. «Россия Украинaдаги вазиятни янада кескинлаштиради, шу боис биз, эҳтимол, бу минтақада ставкаларнинг янада ўсишини кўрамиз», — деган тахминни билдирди Бейкер.
Яна бир суғурта брокери FT билан суҳбатда айтишича, ҳозирда энг кўп қимматлашгани — Россия билан боғлиқ танкерлар суғуртаси, бироз камроқ даражада эса РФ билан боғлиқ, жумладан дон ташувчи қуруқ юк кемалари суғуртаси ошган.
28 ноябр кечқурун Россиянинг «соя флоти»га тегишли Kairos ва Virat танкерлари Украина Хавфсизлик хизматининг Sea Baby денгиз дронлари ҳужумига учради. Улар Қора денгизда Туркия қирғоқлари яқинида бўлган, ҳужум эса танкерлар юксиз ҳолда Новороссийскка йўл олаётган пайтда амалга оширилган. Ҳар икки кема Гамбия байроғи остида ҳаракатланади ва ғарб давлатлари санкциялари остида. Аввалроқ ҳужумга учраган Kairos Болгария қирғоқлари яқинида фалокат сигналини бергани ҳақида 5 декабр куни маҳаллий ОАВ хабар қилган.
2 декабр тонгида Қора денгизда яна бир Россия танкери ҳужумга учради. Туркиянинг денгиз ишлари бўйича бош бошқармаси X ижтимоий тармоғида хабар беришича, Midvolga 2 танкери мамлакат қирғоғидан тахминан 120 км узоқликда ҳужумга учраган. Идора маълумотларига кўра, кема Гуржистонга расмий равишда кунжут ёғи сифатида кўрсатилган юк билан йўл олган. Бортида 13 нафар экипаж аъзоси бўлган, жароҳатланганлар ҳақида маълумот тушмаган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўша куниёқ ўз мамлакати қирғоқлари яқинида тижорат кемаларига қилинган ҳужумларни мақбул эмас, деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ва Украина ўртасидаги уруш Қора денгизда сув йўллари хавфсизлигига таҳдид сола бошлаган. «Жума куни бизнинг иқтисодий ҳудудимиздаги кемаларга қилинган ҳужум хавотирли эскалациядан далолат беради», — деди Эрдўған.
Мавзуга оид
13:41
Украина бош штаби: Оккупация қилинган ҳудудларда «Панцирь» йўқ қилинди
12:51
ЕК раҳбари: Путин қанчалик узоқ уришса, Россия учун харажатлар шунчалик ошиб боради
12:21
FT: Франция ЕИга Россиянинг музлатилган активларини беришдан бош тортмоқда
08:42