Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия ва Хитой бомбардимончилари Япония атрофида қўшма машғулот ўтказди
Россиянинг ядровий қурол ташишга қодир Ту-95 стратегик бомбардимончилари Хитойнинг икки дона H-6 бомбардимончиси билан Тинч океани устида «узоқ масофали қўшма парвозни» амалга оширди. Токио буни миллий хавфсизлик учун «жиддий хавотир» сифатида баҳолади.
Россиянинг Ту-95 бомбардимончиси ва Хитойнинг J-16 қирувчи самолёти
9 декабр куни Россия ва Хитой ҳарбий-ҳаво кучлари Япония атрофида қўшма патрул парвозлари шаклида машғулотлар ўтказди. Япония Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Пекин билан кескинлик ортиб бораётган бир пайтда, патрул парвозларини кузатиш учун Токио ўз қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган.
Reutersʼнинг ёзишича, Россиянинг ядровий қурол ташишга қодир икки дона Ту-95 стратегик бомбардимончиси Япония денгизидан Шарқий Хитой денгизи томонга учган. Кейин у ерда Хитойнинг икки дона H-6 бомбардимончиси билан учрашган ва Тинч океани устида «узоқ масофали қўшма парвозни» амалга оширган.
#JointPatrol: According to annual cooperation plan between the Chinese and Russian militaries, the two sides conducted their 10th joint strategic air patrol in relevant airspace over the #EastChinaSea and the western part of the #PacificOcean on December 9, 2025.… pic.twitter.com/TiOndvrmRT
— China Military Bugle (@ChinaMilBugle) December 9, 2025
Бомбардимончилар Япония таркибидаги Окинава ва Мияко ороллари орасида ҳам бир неча марта бориб-келиб, парвоз қилган. Бу вақтда уларга Хитойнинг тўртта J-16 қирувчи самолёти ҳамроҳлик қилган. Бу ороллар орасидаги Мияко бўғози халқаро сувларга мансуб ҳудуд сифатида таснифланади.
Япония денгизи ҳудудида олиб борилган яна бир машғулотда эса Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг бир дона А-50 эрта огоҳлантириш самолёти ва иккита Су-30 қирувчи самолёти иштирок этган.
Япония мудофаа вазири Шинжиро Коизуми Россия ва Хитойнинг қўшма ҳаракатларини хавф сифатида баҳолади. Машғулотлар «мамлакатимизга нисбатан куч намойиши қилиш мақсадини очиқ-ойдин кўзлаган бўлиб, бу миллий хавфсизлигимиз учун жиддий хавотир уйғотади», деб ёзди Шинжиро Коизуми.
Коизумининг қўшимча қилишича, Япония қирувчи самолётлари «ҳаво мудофааси идентификацияси бўйича барча чораларни қатъий амалга оширган».
Япония бир неча кун олдин ҳам ҳарбий кескинлик ҳақида хабар берганди. Хусусан, Хитой авиаташувчисидан ҳавога кўтарилган қирувчи самолётлари бир кун аввал Япония ҳарбий самолётларига радарни йўналтиргани айтилган. Лекин расмий Пекин бу хабарларни рад этган.
Бундан ташқари, Жанубий Корея ҳарбийлари ҳам сешанба куни етти дона Россия самолёти ва икки дона Хитой самолёти уларнинг ҳаво мудофааси зонаси ҳудудига кирганини маълум қилган.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, машғулотларда «ҳар икки давлат самолётлари халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда» ҳаракатланган. «Чет давлатларнинг ҳаво ҳудуди бузилишига йўл қўйилмади», дейилади баёнотда.
Шунингдек, Россия томони парвозлар 8 соат давом этгани ҳамда қўшма ҳаво патрул амалиётларидан кейин барча самолётлар ўз базавий аэродромларига қайтганини таъкидлади.
«Тадбир ҳарбий ҳамкорлик режаси доирасида ўтказилди ва учинчи давлатга қарши қаратилмаган», — дейилади мудофаа вазирлиги баёнотида.
Нашрнинг ёзишича, сўнгги йилларда Хитой ва Россия бошқа ҳудудларда ҳам ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда. Хусусан, улар Россия ҳудудида ракетага қарши қўшма машғулотлар, шунингдек, Жанубий Хитой денгизида ҳам машғулотлар ўтказмоқда.
Хитойнинг Япония яқинидаги ҳарбий фаоллиги эса ўтган ой – Япония бош вазири Санаэ Такаичининг Тайван борасидаги баёнотларидан сўнг ошди. Ўшанда Такаичи Тайванга қарши амалга ошириладиган ҳар қандай ҳарбий ҳаракат, агар у Япония хавфсизлигига ҳам таҳдид солса, Токио бунга жавоб қайтариши мумкинлигини айтганди.
Мавзуга оид
16:43
“Бизга Украина ҳарбийларига таъминот келадиган кўприкни эгаллаш топширилганди” – Россия армиясига ёлланган йигит ҳикояси
15:04
Япония Politico хабарига раддия берди: «ЕИ режасига қарши эмасмиз»
09:22
Испанияда РФдан қочган учувчини ўлдириш иши бўйича тергов вақтинча тўхтатилди
08:35