Жаҳон | 15:58 / 11.12.2025
3016
2 дақиқада ўқилади

УХХ Одессада РФнинг «яширин флоти» кемаси қўлга олингани ҳақида хабар берди

Африка мамлакатларидан бири байроғи остида ҳаракатланган юк кемаси Одесса портида қўлга олинди. УХХ маълумотларига кўра, у аввалроқ камида етти марта Севастопол портига «Россия Федерацияси манфаатларида аграр маҳсулотларни ноқонуний экспорт қилиш учун» кириб чиққан.

Фото: СБУ

Украина маълумотларига кўра, Россиянинг «яширин флоти» таркибига кирган ва Қримдан украин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ноқонуний ташиш билан шуғулланган хорижий кема Украина Хавфсизлик хизмати томонидан Одесса портида қўлга олинди. Бу ҳақда Украина хавфсизлик хизмати10 декабр куни Telegram’да хабар берди.

Аниқланишича, ушлаш пайтида кемада капитан ва яна 16 нафар экипаж аъзоси бўлган — уларнинг барчаси Яқин Шарқ мамлакатлари фуқаролари.

«Иш материалларига кўра, ушбу кема эгаси Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши санкциялари остида турган, чеклов чораларини четлаб ўтиш мақсадида кеманинг номини ва учинчи мамлакатлардан бўлган расмий бенефициарларини мунтазам равишда ўзгартириб келган», — дейилади хабарда.

УХХ таъкидлашича, Одесса портига мазкур юк кемаси Африка давлатларидан бири байроғи остида келган ва бу ердан пўлат қувурлар партиясини олиб чиқиб кетиши керак эди.

Украина махсус хизмати маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий тажовузи бошланишидан олдин ҳам, бу кема камида етти марта Севастопол портига кириб, «Россия Федерацияси манфаатларида аграр маҳсулотларни ноқонуний экспорт қилиш» билан шуғулланган.

УХХ маълумотига биноан, 2021 йил январ ойи охирида ушбу кема Қрим ҳудудидан қарийб етти минг тонна донни Африка шимолига олиб кетган.

Махсус хизмат терговчилари тўртта модда бўйича жиноят иши қўзғатди:

  • конституцион тузумни зўравонлик йўли билан ўзгартириш ёки ағдариш, давлат ҳокимиятини эгаллаб олиш, шунингдек Украина ҳудуди ёки давлат чегараларини ўзгартириш мақсадида амалга оширилган ҳаракатларни молиялаштириш;
  • давлатга хиёнат;
  • транспортда амал қиладиган қоидаларни бузиш;
  • вақтинча ишғол этилган Украина ҳудудига кириш ва ундан чиқиш тартибини бузиш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид