Жаҳон | 09:10
922
3 дақиқада ўқилади

Европа етакчилари Трамп билан Украина бўйича тинчлик йўлларини изламоқда

Франция, Германия ва Буюк Британия раҳбарлари Доналд Трамп билан Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди. Суҳбат сўнгги пайтларда Трамп томонидан Володимир Зеленскийга қаратилган кескин танқидлар фонида бўлиб ўтди.

Фото: Adrian Dennis/Pool/AFP/Getty Images

Франция президенти Эммануэл Макрон, ГФР канцлери Фридрих Мерц ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер чоршанба, 10 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилиш мақсадида 40 дақиқалик телефон суҳбати ўтказди. Елисей саройи хабарига кўра, суҳбатнинг мақсади тинч йўл билан ҳал этишга доир масалалар муҳокамасини «олдинга силжитиш» бўлган.

Хабарга қараганда, маслаҳатларда қатнашган томонлар ҳозирги вазиятни Украина, унинг аҳолиси ва умуман евроатлантик макондаги хавфсизлик учун танқидий палла, деб баҳолаган. Мерц, Макрон ва Стармер шунингдек, Украинада барқарор тинчликка эришиш ва зўравонликни тўхтатишга қаратилган АҚШ саъй-ҳаракатига юқори баҳо берган.

Сўнгги кунларда Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийни кескин танқид қилди ва уни, амалдаги Украина ҳарбий қонунчилигига кўра ҳозир ўтказиб бўлмайдиган президентлик сайловларини ўтказишга чақирди.

Пайшанба, 11 декабр куни «кўнгиллилар коалицияси» деб аталувчи гуруҳ вакиллари Буюк Британия ва Франция раислигида видеоконференция ўтказишни режалаштирган бўлиб, унда Россия ҳарбий тажовузига дуч келаётган Украина учун хавфсизлик масалалари муҳокама этилади. Франция ҳукумати вакилининг таъкидлашича, суҳбатда АҚШнинг эҳтимолий ҳиссаси ҳам муҳокама қилинади. Украинани қўллаб-қувватлаётган мазкур «кўнгиллилар коалицияси»га асосан европаликлардан иборат тахминан 30 та давлат киради.

Зеленский Трамп танқидидан сўнг сайловлар ўтказишга тайёрлигини билдирди. Бироқ у шуни хам таъкидладики, бу сайловларни ўтказиш учун, аввало, АҚШ маъмурияти ва европалик шериклар зарур хавфсизликни таъминлашга ёрдам бериши лозим.

Қўшма Штатлар тахминан уч ҳафтача аввал Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича ўз режасини тақдим этган эди. Дастлабки вариант Киев ва европалик иттифоқчилар томонидан Москва учун ҳаддан ташқари қулай, деб ҳисоблангани учун уларнинг босими остида қайта кўриб чиқилди. Ҳам Украина, ҳам унинг европалик шериклари айниқса хавфсизлик кафолатлари қисмида, режани Украина манфаатлари йўлида янада тўлдириш ва ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид