Жаҳон | 14:31 / 12.12.2025
2125
3 дақиқада ўқилади

Эстонияда Россия манфаати учун фаолият юритган сиёсатчилар қамоққа ҳукм қилинди

Россияпараст қарашларга эга бўлган икки эстон сиёсатчиси ва РФ фуқароси Эстонияга қарши фаолият ва давлатга хиёнат ишлари доирасида тегишлича 11 ва 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Энг узоқ муддат — 14 йил — Айво Петерсонга берилди.

Фото: AP

Эстониядаги Харю суди пайшанба, 11 декабр куни россияпараст сиёсатчилар Айво Петерсон ва Дмитрий Роотсини давлатга хиёнат иши бўйича тегишлича 14 ва 11 йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди, РФ фуқароси Андрей Андронов эса Эстонияга қарши фаолиятда иштирок этгани учун 11 йил қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Барча шахслар 2023 йил март ойида қўлга олинган эди. Суд хулосасига кўра, 2021 йилда тузилган консерватив Koos («Биргаликда») ҳаракатининг етакчиларидан бири ҳисобланган Петерсон ва Роотси Россияга Эстония сиёсатига таъсир ўтказишда ёрдам берган. Таъкидланишича, айнан Роотси орқали Петерсон Россия давлат органлари билан алоқа ўрнатган ва Давлат думасига кирувчи партия вакиллари билан учрашув режалаштирилган.

Ҳар иккаласига ҳам Koos партия сифатида 2023 йил май ойида рўйхатдан ўтказилганидан сўнг «фуқаролар мудофаа ташкилоти» тузишни режалаштирганлик айблари қўйилди. Петерсон режаларига кўра, у «Донбассдаги хайрия ташкилотларига ўхшаш тарзда» «инқироз шароитида одамларга ёрдам кўрсатиши ва ҳокимият бўшлиғи шароитида ўзини ўзи муҳофаза қилиш вазифаларини бажариши» керак эди. Ташкилот таркибига, жумладан, «ҳарбий-мудофаа тузилмалари вакиллари» ҳам кириши режалаштирилган. Суд Россия унинг тузилиши бўйича кўрсатма бергани ҳақида далил топмаганини алоҳида қайд этди.

РФ фуқароси Андрей Андронов Эстония суди томонидан Украинада уруш давомида Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудларга россияпараст қарашларга эга бўлган хорижликлар учун пресс-турлар уюштиргани учун айбдор, деб топилди. Айво Петерсон ушбу сафарларда иштирок этган ва кейинчалик Москва ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи материаллар эълон қилган. Жумладан, у Россия оккупация қилган Мариупол ва Донецкка борган, шунингдек, РФ Мудофаа вазирлигига тегишли «Звезда» телеканали эфирларида чиқиш қилган.

Суд хулосаларига кўра, Петерсоннинг «уриш ҳақидаги қўрқинчли постлари» ғарб ва эстон аудиториясини Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатишга ундаши, шунингдек, бу аудиторияда НАТО ва Эстония мудофаа қобилиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиши керак эди.

Шу каби фикрлар Петерсон иштирок этган «бир неча рус тарғибот дастурларида» ҳам такрорланган. Алоҳида таъкидланишича, у Россия томони билан мулоқот чоғида ўзини сиёсатчи, келажакдаги партия раиси ва Эстония парламентига номзод сифатида таништирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид