Икки киши пляждаги одамларни ўққа тутган. Камида 12 киши ҳалок бўлган. Ҳужум ижрочиларидан бири оддий фуқаро томонидан қуролсизлантирилган.
14 декабр куни Австралиянинг Сидней шаҳри ҳудудидаги Бонди пляжида отишма рўй берди. Гувоҳларнинг маҳаллий телевидение эфирида айтишича, қора кийинган икки шахс пиёдалар кўпригида турган ҳолда пляждагиларни ўққа тутган. Ижтимоий тармоқларда ҳужум қилган шахслар акс этган видеоёзувлар тарқалган.
Отишма яҳудийларнинг диний байрами ҳисобланган Ханукининг илк кунида рўй берди – бу байрам 14 декабрдан 22 декабргача нишонланади. Отишма бошланган маҳалда пляжда шам ёқиш маросими бўлиб ўтаётганди.
Маҳаллий нашрлар аввалига камида 10 киши ҳалок бўлиб, 60 киши яраланганини хабар қилди.
«Мен ерда қонга беланиб ётган камида 10 кишини кўрдим», деган журналистларга гувоҳлардан бири. The New York Times хабарига кўра, камида ўн киши шифохонага ётқизилган.

Гувоҳлардан бири жами 50 га яқин ўқ овозини эшитганини айтган. Бошқа бир гувоҳнинг сўзларига кўра, отишма 10 дақиқага яқин давом этган. У рўй берган ҳодисани «ердаги жаҳаннам»га қиёслаган.
Бу вақтда пляж ҳудудида икки мингга яқин киши бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда пляж ҳудудидан юзлаб кишилар ҳар томонга қочиб бораётганини кўриш мумкин.
ABC телеканали мухбири билан гаплашган гувоҳлар аввалига ўқ овозларини мушакбозлик деб ўйлашганини айтишган. Улардан бири пляж яқинидаги ресторанда оила аъзолари билан кечки овқатни қилаётганида отишма бошлангани ва улар дарҳол кийим алмаштириш хонасидаги ўриндиқлар ортига яширинишгани, пляж томондан ярадор ҳолатдаги кишилар уларнинг олдига югуриб келганини айтиб берган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум қилганлар икки киши бўлган. Улардан бири полициячилар билан отишма чоғида ўлдирилган, иккинчиси яраланган ҳолда қўлга олинган, унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, отишма ижрочиларидан бири ўткинчи фуқаро томонидан қуролсизлантирилган. Видеода машиналар орасида яшириниб турган оддий фуқаролардан бири милтиқли одамга орқадан сездирмасдан яқинлашгани ва уни бўғиб, қуролини тортиб олганини кўриш мумкин.


















