Жаҳон | 09:33 / 15.12.2025
1406
3 дақиқада ўқилади

Зеленский ва Уиткофф 15 декабрда Германияда музокараларни давом эттиради

Германия канцлери Мерц Украина президенти Зеленскийни ҳамда Уиткофф ва Кушнер таркибидаги Америка делегациясини қабул қилди. Федерал канцлер идорасида ўтган музокараларда у қисман иштирок этди.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Берлинда федерал канцлер идорасида Украина президенти Володимир Зеленский ҳамда АҚШ президенти элчилари — Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер ўртасидаги музокаралар якунланди. Беш соатлик фикр алмашинувидан сўнг, душанба куни музокараларни қайта тиклаш бўйича келишувга эришилди, дея маълум қилди Зеленскийнинг маслаҳатчиси Дмитрий Литвин якшанба, 14 декабрда. Унинг айтишича, Украина президенти душанба куни вазиятни изоҳлайди.

Бундан аввал Германия канцлери Фридрих Мерц Берлинда Украина президенти Володимир Зеленскийни қабул қилди. Зеленский Германия пойтахтига Америка делегацияси билан музокаралар учун келган. Вашингтон вакиллари, жумладан АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва махсус вакил Стивен Уиткофф федерал канцлер идорасига келганидан кейин Мерц украин раҳбарини канцлерлик офисида қарши олди.

Шундан сўнг Зеленский ва Америка делегацияси ўртасида музокаралар бошланди. Канцлер шахсан уч музокарачини, шунингдек Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеровни қарши олган. Таъкидланишича, Мерц Украина—АҚШ музокараларида иштирок этмади, бироқ музокара хонасида канцлернинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Гюнтер Зауттер ҳозир бўлган.

Аввалроқ Зеленский Берлинда украиналик, америкалик ва европалик вакиллар иштирокида бир қатор учрашувлар ўтказилишини эълон қилган эди. «Энг муҳими, мен президент Трампнинг элчилари билан учрашаман, шунингдек европалик ҳамкорларимиз, кўплаб лидерлар билан урушни тугатиш бўйича тинчлик — яъни сиёсий ечимни ўрнатиш масалаларига доир учрашувлар бўлади», — деб ёзган у ижтимоий тармоқларда.

Шу орада Reuters агентлиги хабар беришича, Украина президенти WhatsApp чатида журналистлар саволларига жавоб берар экан, тинчлик таклифларида муросалар бўлишини айтган. Хусусан, хабарда келтирилишича, Киев НАТОга аъзо бўлиш ўрнига АҚШ, Европа ва бошқа ҳамкорлар томонидан юридик мажбурий хавфсизлик кафолатларини қабул қилишга тайёр. Reuters қайд этишича, 14 декабр куни Володимир Зеленский жанг ҳаракатларини фронтнинг ҳозирги чизиғи бўйича музлатишни “адолатли вариант” деб атаган. Россия эса аввал ҳам бир неча бор Киевдан Украина қўшинларини ҳатто РФ Қуролли кучлари ҳали эгаллай олмаган Донецк ва Луханск вилоятлари ҳудудларидан ҳам олиб чиқишни талаб қилган.

Шу билан бирга, РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков фикрича, Украинага на РФ томонидан қўшиб олинган Қримни қайтариб олиш, на Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлиш насиб этмаслигини айтди. «Буларнинг ҳеч бири унга (Володимир Зеленскийга — таҳр.) насиб қилмайди. Қрим масаласида — бу темир-бетон, миллион фоиз, амалга ошмайди. НАТО масаласида ҳам — менимча, миллион фоиз, амалга ошмайди», — деди Ушаков «Москва. Кремль. Путин» дастурига берган интервюсида. «Интерфакс» агентлиги ушбу интервюдан парчани келтирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид