Россия президенти Владимир Путин 11 декабр куни бу ҳақда эълон қиларкан, РФ қуролли кучлари қўмондонлиги ушбу аҳоли яшаш манзилини 15 декабргача эгаллашни ваъда қилган бўлгани ва бу ваъдани бажарганини қайд этган.

Россиянинг «Юг» қўшинлар гуруҳи қўмондони Сергей Медведев ушбу шаҳар қўлга киритилиши келгусида Словянск томон юриш учун қулай шароит яратганини таъкидлаган. Ушбу шаҳаргача 30 км масофа қолган.

Россиялик ҳарбийлар Северск устидан назорат ўрнатилгани тасдиғи сифатида шаҳарнинг турли нуқталарида Россия байроқлари осилгани акс этган видеокадрларни кўрсатишган.

Россия мудофаа вазирлиги Россия Федерацияси ҳарбийлари Северск марказида ўз байроғини шаҳар устидан назоратни тасдиқлаш учун намойиш этаётгани тасвирланган кадрларни эълон қилди, 11 декабр

Украина қуролли кучларининг фронтнинг ушбу участкаси учун масъул бўлган 11-армия корпуси қўмондонлиги эса Северск таслим бўлгани ҳақидаги хабарларни инкор этмоқда.

«Северскда душманлар борми? Ҳа, бор. Улар шаҳарни тўлиқ назорат қиляптими? Йўқ, назорат қилмаяпти. Мунтазам равишда уларни йўқ қилиш ишлари олиб борилмоқда… Шунинг учун вазият мураккаб, шаҳар учун кураш давом этмоқда», – деган 11-армия корпуси спикери Дмитро Запорожец.

Аммо 15 декабр куни у BBC Украина хизмати билан суҳбатда «шаҳарнинг фақат бир қисми» Украина қуролли кучлари назоратида эканини айтди. У тафсилотларга тўхталмаган.

«Северскни ҳозирча изоҳсиз қолдираман. Вазиятни барқарорлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда», – деган у.

Одатда Украина армиясида «барқарорлаштириш тадбирлари» деганда душмандан озод қилинган ҳудудда ёки жангчиларни қайта жойлаштириш пайтида мустаҳкамланиб олиш бўйича операциялар назарда тутилади.

Шаҳар мудофаасидаги 54-алоҳида механизациялашган бригада баёнотига кўра, россиялик ҳарбийлар анчадан буён туманли ҳаводан фойдаланган ҳолда шаҳарга киришга уринишларни амалга ошираётгани маълум қилинган. Натижада уларнинг бир қисми шаҳар чеккаларидаги биноларда ва ертўлаларга ўрнашиб олган.

«Северск душманнинг доимий босими остида қолмоқда: уларнинг бир қисми шаҳар ичкарисига кириб олишга уринмоқда, бошқалари мустаҳкам жойлашиб олиш умидида шаҳарнинг кириш жойларида ҳаракатланмоқда», – дейилади бригаданинг 16 декабр кунги баёнотида.